Ўзбекистондаги илк глобал экотуристик лойиҳа – "Чодак-Эко ҳудуди" тақдимоти ўтказилди 

 Наманган шаҳридаги Ёшлар марказида “Чодак-Эко ҳудуди” ташкил этиш масалаларига бағишланган тақдимот ва давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Поп туман ҳокими Аъзамжон Султанов, Ўзбекистон экотуризм жамияти раси Нигора Шомуротова, ижрочи директор Нодирабегим Муҳаммадалиева, вилоят Туризмни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Анвар Икрамов,  вилоят Ўрмон хўжаликлари бошқармаси бошлиғи ўринбосари Аюбхон Муллабоев, “Чодак-Эко ҳудуди” лойиҳаси ташаббускорларидан Дилшод Тўрахўжаев ва ОАВ вакиллари иштирок этди. 
 
 
Кўплаб хорижий давлатларда иш тажрибаси эга бўлган халқаро эксперт Нодирабегим Муҳаммадалиева “Чодак-Эко ҳудуди” концепцияси ҳақида маълумот берар экан, бу лойиҳанинг  Ўзбекистонда ўхшашиш йўқлигини таъкидлаб ўтди. 
“Чодак ҳар томонлама жипс, икки тоғ ўртасида жойлашган компакт қишлоқ. Бу ерда эко ҳудудни ташкил этиш нисбатан анча осон бўлишини билган ҳолда шу ишга қўл урдик. Агар ҳудди шу лойиҳани Қашқадарё ёки Сурхондарёда амалга оширадиган бўлсак, камида 3-4 йил вақт кетади. Биз эса Чодакда буни узоғи 1,5- 2 йилда амалга оширишни кўзда тутмоқдамиз”, — деди эксперт ўз сўзида.
 
 
Лойиҳага кўра Чодакда барпо этилаётган Apart Hotel Kosmos  дам олиш мажмуасида эко меҳмонхона барпо этилади. У ерда эса фақат экологик соф, кимё аралашмаган маҳсулотлар ва воситалар ишлатилади.  Рацион ҳам эко-меню асосида ташкил этилади. 
Қишлоқ аҳолиси орасида эко-маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Бунга табиий шарбат, туршак, қурт, қаймоқ, меваларни қўшиш мумкин. Турли хизматлар ташкил этишда ҳам экологияга талабларига амал қилинади. Буларнинг бари бирлашиб экокластерни ташкил этади. Экокластерлар бирлашмасидан эса эко-ҳудуд барпо бўлади. 
 
 
Тадбир якунида сўз олган Поп тумани ҳокими Аъзамжон Султанов Чодакнинг экотуристик салоҳияти улкан эканлигини таъкидлаб, буни рақамлар мисолида ҳам кўриш мумкинлигини айтиб ўтди. 
“Чодакка 2019 йил дам олиш мавсумида давомида 500 мингдан ортиқ меҳмон келди. Бу кўрсаткич бир кунда 5000 гача етди. Айни пайтда қишлоқда  400 дан ортиқ дам олиш масканлари мавжуд. 4500 йиллик тарихга эга қишлоқнинг  бой маданий мероси, меъморий обида ва зиёратгоҳлари ҳамда сўлим табиатидан унумли фойдаланган ҳолда сайёҳлар оқимини янада кўпайтириш, инфратузилма ва коммуникация воситаларини жаҳон талабларига мослаш ишлари кетмоқда. Бу амалга ошираётган ишларимиз дебочасидир”, — деди туман ҳокими.
 

Биз Twitterда