"Akhsikent" Фарғона водийсининг ташриф қоғозига айланади

Туризм тараққиётини истар эканмиз, бунинг учун меҳмон ва саёҳлар учун қулай шароитларни муҳайё этишимиз лозим. Бунда юқори даражада хизмат кўрсатувчи замонавий меҳмонхоналарнинг ўрни катта.  
Бугун Наманган шаҳрида “Akhsikent ” меҳмонхонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этиб, Наманганда туризм даври бошланаётганига урғу берди.
 
“Наманган туризмини очилмаган қўриққа ўхшатса бўлади. Наманган икки тоғ тизмаси кесишмасида, унинг шундоқ пойида жойлашган. Табиий-геологик жиҳатдан улкан имкониятларга эга. Табиат инъомларини асраган ҳолда улардан самарали фойдаланиб, туризмни ривожлантириш бўйича бир қатор йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу қутлуғ жой энг улуғ байрам арафасида очилаётгани бежизга эмас. Наманганда яқин бир-икки йил ичида  ўнлаб шундай меҳмонхоналар қад кўтаради. Айни пайтда барчасида қизғин қурилиш жараёнлари кетмоқда”, - деди вилоят раҳбари.
 
 
Наманган шаҳрининг Шимолий халқа йўлида миллий меъморчилик анъаналари ва замонавий технологиялар уйғунлигида барпо этилган маҳобатли меҳмонхона мажмуаси Фарғона водийсининг ташриф қоғозига айланиши шубҳасиз.  Инсон яхши шароит, гўзалликка буркангиси келади. Ҳар қанча замонавийлашиб, қанча ғарб билан интеграциялашмайлик, бизни ўзлигимиз ўзига тортаверади.
 
 
Миллий услубдаги токча косамон, ганчкорлик ва наққошлик услубидаги арк – намоён, ислимий услубдаги нақш ва ганч иши билан безатилган шифт - буларнинг бари қадимдам ота-боболаримиз қурган уйларда, саройларда бўлган. Айнан шу қурув ва пардоз санъати Наманган шаҳрида – “Akhsikent”  меҳмонхонаси тимсолида қайта жонланганини кўришимиз мумкин.
 
 
40 миллард маблағ эвазига қад кўтарган меҳмонхона 163 ўринга мўлжалланган бўлиб, 1 та апартамент, 5 та люкс, 70 та стандарт хоналардан иборатдир. Унинг очилиши 40 кишини янги иш билан таъминлади.
 
 
 
 
Режага кўра меҳмонхона бир йилда 8,0 млрд. сўмлик хизмат кўратиш, бошқача айтганда 40 минг маҳаллий ва хорижий меҳмонларга сифатли хизмат кўрсатиш кўзланган.
Анвар Икрамов

Биз Twitterда