2020 йилги Бутунжаҳон журналистлари Конференцияси ўз ишини бошлади

 
14 сентябрь куни Бутунжаҳон журналистлари Конференцияси 8-Бутунжаҳон журналистлари конференцияси (World Journalists Conference-2020) ўз ишини бошлади.
Дунёнинг 60 га яқин мамлакатидан 95 нафар халқаро журналистлар иштирокида бўлиб ўтаётган ва Корея журналистлари ассоциацияси томонидан ташкил этилган конференция, бу йил коронавирус пандемияси сабабли онлайн тарзда бўлиб ўтмоқда.
Уч кун давом этадиган Бутунжаҳон журналистлари Конференциясининг биринчи иш куни мавзуси “Ёлғон хабарларга қарши курашда дунё мамлакатлари тажрибаси ҳамда журналистиканинг келажаги” бўлди.
Конференция Жанубий Корея Бош Вазири Чон Се Гюннинг иштирокчиларга табриги билан бошланди. “Бугунги технологиялар даврида ҳар ким ахборот яратиш имкониятига эга бўлди. Бироқ бундай ахборот тўлқинида журналистик қадриятлар янада кўпроқ аҳамият касб этмоқда” деб таъкидлади ўз сўзида Чон Се Гюн.
Турли мамлакат вакилларининг ёлғон хабарларга қарши курашда ўз тажрибалари ҳақидаги чиқишлари ҳамда бундай жараёнга қарши курашиш борасидаги фикрлари кенг мунозаралар билан давом этди.
Хусусан, ёлғон хабар тарқатувчи манбаларга қарши курашиш учун ишончи ахборот тарқатувчи ўта йирик ахборот агентликлари ташкил этиш лозимлигини таъкидлаган Осиё Журналистлари ассоциацияси президенти мисрлик Ашраф Дали, “Матбуот адолатли, ҳаққоний ва ишончли бўлса, ўқувчи унга тескари хабар тарқатган манбаларга ўз ўзидан ишонмайди” деб қайд этди.
Осиё Журналистлари ассоциацияси президенти Ашраф Дали: 
“Матбуот адолатли, ҳаққоний ва ишончли бўлса, ўқувчи унга тескари хабар тарқатган манбаларга ўз ўзидан ишонмайди” 
Ҳиндистонлик журналист Сабина Индержит эса ўз сўзини “Журналистика факт демоқдир, унда ёлғон хабарга ўрин йўқ” деб бошлаб, ҳақиқий журналистика ҳамда ишончли ОАВлар етарли иш олиб бормаган жойда ёлғон хабар урчишини таъкидлади.
Конференция эртага, 15 сентябрь куни ўз ишини давом эттиради. Иккинчи кун мавзуси “Коронавирусга қарши кураш ҳамда унинг тарқалишини олдини олишда дунё тажрибаси” бўлиб, конференция ишида иштирок этаётган ўзбекистонлик ягона журналист Дилмурод Жумабоев, Ўзбекистонда коронавирус тарқалиш ҳолатини олдини олиш ҳамда пандемия шароитида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва иқтисодиётни тиклаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маъруза қилади.

Биз Twitterда