Сиз билган ва билмаган Косонсой

Косонсой Наманган вилоятнинг шимолий қисмида, Қоратоғ этакларида, Чотқол тоғлари ёнбағрида денгиз сатҳидан ўртача 800-1000 метр баландликда жойлашган. Жанубдан Наманган шаҳри, шарқдан Янгиқўрғон, жануби-ғарбдан Чуст, шимолий ва ғарбдан Қирғизистоннинг Олабуқа вилояти билан чегарадош. Маркази Косонсой шаҳри, Садпирикомил, Юмалоқшайхмозор, Тергачи, Чиндовул, Ширин, Қорасув, Қўқумбой, Тагижар, Гўрмирон, Хумхона ва бошқа йирик аҳоли масканлари бор бор.
Туман ҳудуди тоғли районлар зонасига киради. Косонсой ва унинг ирмоқлари оқиб ўтган Қоратоғ, Муғ, Кўкумбой қирлари, Дам, Испарон, Ёйиқ, Қисиқ, Қоранкўл, Сарсон ва Ертикан, Боёстон адирлари бор. Туман ҳудудининг қарийб учдан бир қисми адир. Иқлими кескин континентал. Туман иқлимининг шаклланишида шимолдан келадиган Арктика ҳаво оқими, Марказий Осиё ҳудудида ҳосил бўладиган мўътадил қуруқ ҳаво ва жанубдан ҳаракатланувчи тропик ҳаво оқимлари иштирок этади.
Туман худудидан Косонсойнинг қарийб 40 км қисми ҳамда Чуст (16 км), Тешиктош (41 км), Кўкумбой (12 км) каналлари ўтган. Улардан суғоришда фойдаланилади. Косонсой (Ўртатўқай), Қорасув, Ертикан сув омборлари қурилган.
Тупроғи, асосан, бўз тупроқ, шим. қисмида қисман қўнғир ва тоғ олди тупроқлари. Дарё водийларида жийда, тол, терак, туранғил, юлғун, оқтикан, маймунжон ва бошқалар ўсади. Тоғларда дўлана, сирач, писта, ёнғоқ, наъматак, арча, лола, гулбарра, равоч, қир ва адирларда шувоқ, шўра, янтоқ, қўйтикан, текислик жойларда курмак, қамиш, ажриқ, ариқ бўйларида эса ялпиз учрайди.
 
 
Ёввойи ҳайвонлардан тулки, бўри, суғур, қуён, олмахон, қумсичқон, турли хил илонлар, тошбақа, калтакесақлар, қушлардан лочин, бургут, қирғовул, оқбош, сўфитўрғай, какку, кўкқарға, қизилиштон, қир қалдирғочи, мусича, бойўғли, чумчуқ, олақанот, сассиқпопишак, булбул ва ўрдақлар яшайди. Косонсой сойида, асосан, зарда балиқ (маринка) учрайди. Фойдали қазилмалардан қурилиш материаллари — тош, арзик, оҳактош ва бошқалар мавжуд.
Юкларни ташиш, асосан, Косонсой—Наманган автойўли орқали амалга оширилади. Шунингдек, Косонсой тумани — Тўрақўрғон, Косонсой —Чуст, Косонсой —Янгиқўрғон, Косонсой—Олабуқа (Қирғизистон) автойўллари мавжуд.
Олиб борилган археологик тадқиқотларга қараганда милоддан аввалги II-I асрларда Косонсойнинг чап соҳилида ҳозирги муғтепа ёдгорлиги ўрнида қадимги Косон шаҳрига асос солинган. У Ахсикентда ҳукм сурган Фарғона подшоҳларининг ёзги қароргоҳи бўлган.
Шаҳарни душманлардан ҳимоя қилиш мақсадида Муғ қалъаси ва шаҳар оралиғи икки томондан девор олиб, йўл қилинган. Косон шаҳрининг учта дарвозаси бўлган бўлиб, улардан биттаси Дарвозаи қишлоқ ҳақида маълумотлар бор холос.
Ўша пайтдаги шаҳар маркази ҳозирги деҳқон бозори, истироҳат боғи атрофларига тўғри келиши тарихий манбалардан маълум.
Бугунги кунда Косон шаҳрининг ёши ва ўрнашган жойи масаласи ҳали ўз ечимини топмаган масала ҳисобланади.
 “Қадимги Косон ўрдугоҳининг Муғқалъа деб аталиши муғ ”зардуштий”, қалъа ” ўрдугоҳ” шаҳар маъносини англатади. Қалъача эса йўлдош шаҳар “кичик шаҳар» маъносини англатади. Яъни Қалъача ўтмишда муғ қалъага йўлдош шаҳар бўлади.”
 
 
Фарғона – Довон ва Кушон империяси, турк ҳоқонлиги, араб истилолари, Сомонийлар маданияти, салжуқий турклар, ғазнавийлар, мўғул-татар истилолари ва Амир Темурнинг марказлашган қудратли давлати тарихини бошидан кечирган Косонсой тарихини чуқур ўрганиш давр талабидир.
Косонсой ва унинг атрофларидаги қишлоқлар жуда қадим замонлардан буён ўтроқ тарзда ҳаёт кечириб, деҳқончилик, боғдорчилик, чорвачилик, ҳунармандчилик, косибчилик ва савдо-сотиқ билан шуғулланиб келганлар.
Бу ерда кўпгина диний ва дунёвий билимларни пухта эгаллаган олим, закий инсонлар таваллуд топиб, яшаб ижод этганлар. Мана шу жиҳатдан олиб қаралганда, Косонсой тарихи ва маданиятини ўрганиш бугунги кунда катта аҳамиятга эгадир.
Косонсой тарихи ҳақида араб тарихчилари Яъқубий, Истахрий, Ал-Мақсидийлар ноёб маълумотларни ёзиб қолдирганлар.
XVI асрда Косонсойда яшаган олим аллома Муҳаммад Маҳмуд ибн Вали ҳам ўз она шаҳри ва бу ерда яшаган фузалолар ҳақида эсдаликлар қолдирган.
Рус тарихчи-тадқиқотчиси академик А.Н.Бернштамнинг ёзишича:  “…Аниқроғи, шу вақтдан бошлаб (Сомонийлар ҳукмронлигидан) Фарғонада оммавий равишда Ислом динига кириш бошланади. Фарғона Сомонийлар сулоласининг асосчиси Исмоил ибн Аҳмад Сомонийнинг ватанидир”. Фарғона давлатининг ўша вақтдаги маркази Косон шаҳри бўлганлигини инобатга олсак, Исмоил ибн Аҳмад Сомоний Косон шаҳрида туғилиб камолга етган бўлиши мумкин, деган тахминда асос бор».
 
 
Тарихий манбаларга асосланган ҳолда Косонсойда 100 дан ортиқ Косоний номи билан машҳур олим, шоир ва бошқа ўқимишли кишилар туғилган ёки яшаб ўтганлиги ҳақда тахмин қилинмоқда. Лекин уларнинг жуда кўплари ҳали бизга маълум эмас.
Олим ва шоир Абу Нуваси Ахвазий- Косоний 768-855 йилларда яшаган бўлиб, Сомонийлар, Қорахонийлар, салжуқий турклар ҳукмронлиги давридаги ижтимоий ва сиёсий ҳаёт ҳақида эсдаликлар ёзиб қолдирган.
«Бадоеъ-ус-саноеъ» рисоласини муаллифи бўлмиш олим ва файласуф Алоуддин Абубакр ибн Маъсуди Косоний 1110-1191 йилларда яшаган.
Соҳибдевон шоир Шамсиддин Муҳаммад Косоний XI аср яшаб, ижод қилган. “Тожус содот” унвонига эга бўлиб, диний ва дунёвий билимлар борасида тенгсиз бўлган. Авфий уни “саййидлар авлодидан, замона донишманди” дея таърифлаган.
Улуғ авлиёуллоҳ, ҳукмдорлар пешвоси номини олган Махдуми Аъзамнинг оталари Саййид Жалолиддин Косоний XV-XVI асрларда Косонсойда фаолият кўрсатганлар. Олим, факиҳ бўлмиш бу зот Наманган, Ахсикат, Косон мадрасаларида мударрислик қилганлар. Ахсикат ва Косон ҳукмдорлари ҳузурида катта мавқега эга бўлганлар. Мамлакат сиёсий ҳаётида муҳим ўрин тутганлар.
Косонсой марказидаги собиқ шойи фабрикаси ҳудудида қадимий қабр мавжуд. Кексаларнинг сўзларига қараганда, бу сағана тасаввуф намояндаларидан бири Хожа Рўшнойига тегишли  экан. Аҳоли азалдан бу қадамжога ҳурмат сақлаб, дуои фотиҳа қиладилар.
Хожа Рўшнойининг кунялари Хожа Чироғбардор бўлган. Авлиёуллоҳ XI асрда яшаганлар. Хожа Рўшнойи номи билан боғлиқ қадамжолар Марказий Осиёнинг бир неча масканларидан бор. Термиз XI аср бунёд этилган Хожа Рўшнойи мақбараси - меъморий ёдгорлиги бор.
Тошкентда Хожа Рўшнойи маҳалласида Хожа Рўшнойи ота мозори бўлган. «Тарихи жадидайи Тошканд»асарида қайд этилишича, Хожа Рўшнойи қабри Хожа Довуд мақбарасидан 150 қадам ғарбда, қабристон ўртасида, Катта кўча - ҳозирги Навоий кўчасига туташ бўлган.
Косонсойдаги Хожа Рўшнойи қадамжоси ўтган асрнинг 90-йилларида таъмирланган, қабр атрофи панжара билан ўралган.
 “Табиат Косонсойни нотакрор ва беқиёс гўзаллиги учун адиру тоғлар орасида яшириб қўйган дейишади”, деб ёзган ўзбек адабиётининг йирик намояндаси Абдулла Қаҳҳор.
 
 
Косонсой шифобахш табиати, анвойи олмаю нокли, ўригу бодомли боғлари, ширин-шакар қовун-тарвуз полизлари, меҳнаткаш, камтар ва меҳмоннавоз халқи билан довруғи достондур.
 
Манбалар асосида Анвар Икромов тайёрлади

Биз Twitterда