Наманган вилоятида Туркия билан туризм соҳасида ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда

Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоровнинг Туркиянинг Сиирт ва Испарта вилоятлари волийларига (ҳокимларига) туризм соҳасида ҳудудлараро тўғридан тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан юборган таклифи қардош диёрда ижобий қабул қилинди. Яқин кунларда вилоят туризмни ривожлантириш бошқармаси ҳамда ушбу икки вилоят Маданият ва туризм бошқармалари ўртасида бу борадаги алоқаларни кучайтиришга қаратилган ҳамкорлик меморандумлари имзоланади.
 
 
Гуллар шаҳри бўлган Наманган ҳамда атиргуллар ва лавандалар диёри бўлган Испарта ўртасидаги ҳамкорликнинг тамал тоши 2018 йилнинг июль ойида Наманган шаҳрининг ўша пайтдаги ҳокими Шавкат Абдураззақов бошчилигидаги делегациянинг Испартага ташрифи давомида имзоланган биродарлашган шаҳарлар келишуви билан қўйилганди.
Сиирт вилоятининг Байкан туманида эса Султон Увайс Қароний мақбараси жойлашган бўлиб, бу зиёратгоҳни халқаро туристик жозибадор масканга айлантириш борасида катта тажриба шаклланган. Чортоқ туманида яқинда реконструкция ва қурилиш ишлари якунланган Султон Увайс Қароний ҳамда оналари Биби Наима она зиёратгоҳларини туристик оммалаштиришда бу тажриба қўл келиши тайин.
Сўнгги пайтларда Наманган вилоятида туризм соҳасида халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида сезиларли ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг 14 август куни вилоят туризмни ривожлантириш бошқармаси ҳамда Россия Федерациясининг Свердловск вилояти туризмни ривожлантириш маркази ўртасида туризм соҳасида ахборот ва тажриба алмашинувини йўлга қўйиш, туризм секторига ўзаро инвестициялар жалб этиш, туризм маҳсулотлари тарғиботи ва маркетингини амалга ошириш ҳамда кадрлар тайёрлаш масалаларида ҳамкорлик қилиш вазифаларини кўзда тутган меморандум ҳам имзоланганди. (https://t.me/namangantourism/108)

Биз Twitterда