Учинчи ренессанс – илм-фан тараққиёти

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 29 йиллигига бағишланган тантанали маросимда сўзлаган нутқида ватандошларимизни улуғ байрамимиз билан табриклаб, “Халқимизнинг улуғвор қудрати жўш урган ҳозирги замонда Ўзбекистонда янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилмоқда, десак, айни ҳақиқат бўлади” деб таъкидлади.
 “Ренессанс” иборасига таъриф берадиган бўлсак, у француз ва итальян тилларида, хусусан лотинчада “қайта туғилиш” маъносини беради. Бу ибора Европада рўй берган уйғониш ва қайта уйғониш даври дунё тараққиётига муҳим таъсир кўрсатгани, айнан янгиланиш ва ҳаётбахш мазмунларни ўзида жо этгани учун ҳам кенг қўлланилади.
Таъкидлаш жоизки, Япония, АҚШ, Германия, Франция, Жанубий Корея каби давлатларнинг илм-фан ва инновацияларга асосланган иқтисодий тараққиёт моделлари ва юқори натижалари юксак эътироф этилаётганлиги барчамизга маълум. Буларнинг барчасига 50 йил олдин пухта ўйланган илм-фан ва инновацион фаолиятни ривожлантиришга йўналтирилган кучли давлат сиёсати орқали эришилган. Хусусан, Ўзбекистон ҳудуди ҳам Шарқ Ренессансининг йирик марказларидан бири сифатида дунёга маълум ва машҳур бўлганлигини таъкидлаш бизга юксак мамнуният бағишлайди.
 
 
Халқимизнинг улуғвор қудрати буюк ватандошларимиз – алгоритм асосчиси Ал-Хоразмий, қомусий олим Ал-Фарғоний, геодезия ва минералогия фанлари ривожига улкан ҳисса қўшган Абу Райҳон Беруний, Ғарбда Авиценна номи билан танилган Ибн Сино, давлат арбоби ва буюк астроном Мирзо Улуғбек сингари ўнлаб мутафаккирлар, яъни илм-фан асосчилари қилган кашфиёт ва изланишларда намоён бўлиб турибди. Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғиноний, Ҳаким ат-Термизий, Маҳмуд Замахшарий, Баҳоуддин Нақшбанд, Алишер Навоий сингари аждодларимиз номи эса нафақат ислом олами, балки жаҳон цивилизацияси тарихига зарҳал ҳарфлар билан битилган. Шу сабабли ҳам давлат раҳбари ўз нутқида илм-фанга бўлган юксак эътибор ва таълимга тўхталиб, “Вақт ўтиб, болаларимиз ҳам Улуғбек, Ибн Сино, Беруний бўлади, мен бунга албатта ишонаман” деб таъкидлади.
Айнан шундай улуғ мақсадларга эришиш учун Ўзбекистон Республикасини 2019-2021 йилларда инновацион ривожлантириш стратегиясининг бош мақсадларидан бири инсон капиталини ривожлантириш бўлса, бошқаси 2030 йилгача Глобал инновацион индекс рейтинги бўйича жаҳоннинг 50 та илғор мамлакати таркибига кириш этиб белгилангани барчанинг ёдида, албатта.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Глобал инновацион индексда 2015 йилда жаҳоннинг 141 давлати орасида 122-ўринни эгаллаган эди. Ундан кейинги йилларда эса ушбу рейтингга республикамиз киритилмаган. 2020 йил Ўзбекистон Глобал инновацион индексига қайтди. Мана шу қайтишнинг ўзи янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ижобий натижасидир. Ўзбекистоннинг 93-ўринни эгаллаб, рейтингда 30 поғонага юқорилаши ҳозирги пайтда илм-фанга берилаётган эътибор, инновацион ривожланишига қаратилган ресурсларнинг самарасидир. Охирги йилларда илм-фанга киритилган инвестициялар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар базасининг шакллантирилиши, энг муҳими, олимларга яратилаётган шарт-шароитлар ва ижод эркинлиги Глобал инновацион индексдаги ўрнимизни белгилади. Буни келажакда илм-фан ва инновацияларга инвестицияларни жалб қилиш учун бир қадам деб ҳисоблаш мумкин.
Илм-фан соҳаси олдидаги муҳим вазифа – миллий ихтисодиётимизни технологик ва инновацион жиҳатдан модернизациялаш жараёнларини тўла-тўкис таъминловчи, самарали ва рақобатдош тадқиқот ҳамда ишланмаларни шакллантиришдир. Маълумки, республикамизда 2006 йилдан бошлаб илмий ва инновацион лойиҳаларни танлов асосида грант тизими орқали молиялаштириш механизми қўлланилмоқда.
Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан 2006-2017 йилларда грант асосида бажарилган фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳаларнинг амалий натижадорлиги таҳлил қилинди. Таҳлил ва ўрганишлар натижаларига кўра “фундаментал тадқиқотлар – амалий тадқиқотлар – инновация ишлари” занжирининг изчиллиги таъминланмаганлиги аниқланди. Лойиҳалар умумий характерга эга бўлган йўналишларда 2–5 йилда бир марта олимларнинг ташаббуслари асосида шакллантирилган ва 3–5 йил давомида амалга оширилган. Битта лойиҳанинг молиялаштиш ҳажми ўртача 150 млн сўм миқдорида бўлиб, унинг ўртача 80 фоизи ойлик маошларга йўналтирилган ва маблағларни моддий-техник базани яхшилашга қаратилмаган. Лойиҳаларнинг аксарияти якуний натижага қаратилмагани ҳам бу тизимнинг салбий жиҳатларидан бўлган. Лойиҳаларда хусусий сектор ва тармоқ ташкилотларининг ўрни ва молиявий улушлари деярли бўлмаган.
2018 йилдан бошлаб Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан илғор хорижий тажрибалар асосида фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳаларни грант асосида молиялаштириш тизимини тубдан ислоҳ қилиш асосида илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси механизми жорий этилди.
Илмий лойиҳалар танловларини мунтазам равишда ташкил этиш ва бунда эълон қилинган ҳар бир тематик мавзу йўналишини аниқ якуний маҳсулотга қаратиш ва лойиҳа доирасида зарур асбоб-ускуналар, жиҳозлар, хом-ашёлар, материаллар харид қилиш амалиёти йўлга қўйилди. Энди лойиҳлар уч усулда шакллантирилади. Биринчиси иқтисодиёт ёки ижтимойи ҳаётдаги мавжуд муаммоларининг илмий ечимини таъминлашга қаратилган ҳамда тижоратлаштириш имконияти мавжуд якуний маҳсулот ёки технологияларга бўлган эҳтиёжлари асосида ишлаб чиқиладиган тематик илмий-тадқиқот лойиҳаларига давлат буюртмасидир. Иккинчиси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари, давлат дастурлари ва концепцияларда баён этилган вазифа ва топшириқларнинг ҳамда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари олдида турган ўзига хос муаммоларнинг илмий ечимини таъминлашга қаратилган мақсадли илмий-тадқиқот лойиҳаларига давлат буюртмаси. Учинчиси, илмий ташкилотларнинг, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик фаолиятини амалга оширувчи бошқа ташкилотларнинг асосланган таклифлари асосида фан ва технологияларнинг устувор йўналишларига мувофиқ шакллантириладиган, тегишли илмий-техник кенгашда илмий экспертиза ва лойиҳанинг очиқ муҳокамаси натижасига кўра танловларсиз молиялаштириладиган ташаббускор илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш.
Мазкур муаммоларни ҳал этиш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан илмий фаолиятга оид давлат дастурлари лойиҳаларини шакллантириш ва мониторинг қилишнинг бутунлай янги самарали тизими ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди. Эндиликда ишлаб чиқариш тармоқлари билан ҳамкорликда, уларнинг талаб ва эҳтиёжларини инобатга олган холда грантлар мавзуларини шакллантириш тизими жорий этилди. Бунинг учун илмий лойиҳалар танлови мунтазам равишда эълон қилиб борилади ва мавзу доирасидаги илмий лойиҳани молиялаштириш ҳажми аввалдан белгиланади. Қолаверса, танловда камида иккита лойиҳа иштирок этиши лозим, яъни танлов принципи амал қилиши зарур.
Танлов учун мавзуларни шакллантириш вазирликнинг тегишли бошқармалари томонидан мувофиқлаштирилади. Бу жараёнда илмий-техник кенгашларнинг аралашувига йўл қўйилмайди. Улар эълон қилинган мавзулар бўйича ўз эътирозларини ва таклифларини бериш ҳуқуқига эга.
Танлов шартларида кутилаётган натижалар ва йиллик молиялаштириш ҳажми аниқ кўрсатилгани ижрочилар учун лойиҳа тузиш жараёнида муҳим бошланғич маълумот бўлиб хизмат қилади. Қолаверса, таъкидлаш жоизки, илгари молиялаштириш ҳажми етарли бўлмаганлиги сабабли кўзланган юқори натижаларга эришилмаган.
Эндиликда эса ажратилаётган маблағлар олимларнинг иш ҳақидан ташқари ижрочи ташкилотнинг моддий-техник базасини мустахкамлашга ҳам етади. Танловни ташкил этиш ва ўтказиш механизми мукаммаллиги лойиҳаларни саралаш жараёни шаффофлигини таъминлайди.
Шунингдек, илмий фаолиятга оид давлат дастурлари лойиҳаларига ажратилган маблағлар доирасида илмий ҳажмдор кичик серияли янги маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган инновацион экотизимни шакллантириш мақсадида стартап лойиҳалар амалга оширилмоқда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан Инновацион ривожланиш вазирлиги билан келишилган ҳолда ҳудуд иқтисодиётининг муаммоларини ва илмий ишланмаларга бўлган эҳтиёжларини чуқур таҳлил қилиш асосида илмий фаолиятга оид ҳудудий дастурлар ишлаб чиқилади ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Ўз навбатида иқтисодиёт тармоқлари корхоналарининг муаммолари ва янги ишланмаларга бўлган эҳтиёжларининг илмий ечимини таъминлашга қаратилган илмий лойиҳалар хўжалик юритувчи субъектлар ва давлатбюджети маблағлари ҳисобидан тенг улушларда молиялаштирилади. Янги ишланмаларни тижоратлаштириш ва истиқболли стартап лойиҳаларни амалга ошириш кўламини кенгайтириш мақсадида Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси, давлат бюджети, инновацион фаолият суъектлари ва инвестиция компанияларининг маблағлари ҳисобига венчур жамғармалари ташкил этилади.
Инновацион ривожланиш вазирлиги лойиҳаларнинг танлов асосида саралаб олинишини ташкил этаркан, уларни қабул қилиш, ўрганиш ва қарор чиқариш занжирининг ҳар бир босқичи ўзаро боғланмаган ҳамда бир-бирига таъсир кўрсата олмайдиган мустақил жараёнлардан иборат бўлишини таъминламоқда. Танловга такдим этилган лойиҳалар аввал электрон шаклда www.fan-portal.uz сайтида рўйхатга олинади. Лойиҳаларнинг қоғоз шакли лойиҳа раҳбари иштирокисиз илмий ташкилотларнинг илмий ишлар ва инновациялар бўйича директор ўринбосарлари, олий таълим муассасаларининг илм-фан ва инновациялар бўйича проректорлари орқали қабул қилинади. Бу жараён алоҳида ишчи орган – Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Инновацияларни жорий этиш илмий-амалий маркази ходимларидан иборат махсус ишчи гурух томонидан амалга оширилади.
Тақдим этилган лойиҳалар танлов талабларига қатъий риоя қилинганлиги, лойиҳа материалларининг ишончлилиги ва ҳаққонийлиги, кўчирмачиликка (плагиат) йўл қўйилмаганлиги, белгиланган талаблар асосида шакллантирилганлиги бўйича дастлабки техник экспертизадан ўтказилади.
Илмий-техник экспертизанинг кейинги босқичи – илмий экспертиза жараёни юқори малакали олимлар, профессорлар ва академиклардан иборат илмий-техник кенгашлар томонидан бажарилади. Вазирлик ходимларининг мазкур кенгашлар фаолиятида иштирок этиши ва аралашувига йўл қўйилмайди.
Таъкидлаш жоизки, тематик танловларда иккитадан ортиқ лойиҳалар мавжуд бўлгандагина, илмий-техник кенгашларга муҳокама учун тақдим этилади. Бунда молиялаштиришга фақат битта лойиҳа тавсия этилиши мумкин. Муқобиллари мавжуд бўлмаган тақдирда қайта танлов эълон қилинади. Шунда ҳам бошқа муқобил лойиҳа келиб тушмаган такдирда, ушбу лойиҳа муҳокамалар орқали кўриб чиқилади ва илмий экспертизага тавсия этилади.
Кейинги боскичда илмий-техник кенгашлар хулосалари вазир аппаратига тақдим этилади, аппарат ўз навбатида хулосаларни вазирлик коллегиясига киритади. Коллегия илмий-техник кенгашлар раислари иштирокида молиялаштиришга тавсия этилган лойиҳаларни кўриб чиқади. Коллегия ва илмий-техник кенгаш аъзоларининг муайян лойиҳа бўйича фикрлари бир-биридан тубдан фарқ қилган ва томонлар ўз фикрида қатъий турган ҳолатларда лойиҳалар вазирликнинг Жамоатчилик кенгашига муҳокама учун тақдим этилади.
Шундай килиб, биринчидан, экспертизанинг ҳар бир босқичи мустақиллиги таъминланади. Иккинчидан, илмий-техник кенгашларнинг лойиҳаларни танлаб олишда ваколатлари кенгайган, коллегия йиғилишида ҳар бир лойиҳа бўйича қарор муҳокама қилиниши орқали шаффофликка эришилиб, илмий-техник кенгашлар раислари масъулияти оширилган.
Илмий-техник лойиҳаларнинг экспертизадан ўтказиш ва мониторинг килиш учун Инновацион ривожланиш вазирлиги қошида илм-фан ва технологияларни ривожлантиришнинг муҳим йўналишлари бўйича 16 та ва стартап лойиҳалар бўйича битта илмий-техник кенгаш ташкил этилган.
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг расмий маълумотларига кўра, илм-фан соҳаларига сафрфланаётган жами ҳаражатлар ўтган йиллар мобайнида қарийб 14% га ошган. Бу кўрсаткич 2018 йили умумий 528.8 млрд сўмни ташкил қилган бўлса, 2019 йилга келиб 603, 3 млрд сўмга ошган. Бироқ, бугунги кунда илм-фанни молиялаштириш ҳажми ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0.2% ни ташкил қилиб, йиллар давомида ўзгармай қолаяпти. Ушбу кўрсаткич жаҳон бўйича ўртача 1,7 фоизга тенг, хусусан Хитойда 2008 йилда 1,4 фоиздан 2,14 фоизгача, Корея Республикасида 3,1 фоиздан 4,5 фоизгача ошган. Бундан ташқари, тармоқлар корхоналари томонидан илмий-тадқиқотларга буюртма бериш ва молиялаштиришдаги иштироки пастлиги давлат бюджетига оғир юк бўлиб қолмоқда. Сўнгги 3 йил мобайнида илм-фан соҳасига давлат бюджетидан ажратилган маблағлар 2-3 мартагача оширилган бўлса-да, бу ўсиш суръати асосан илмий фаолият билан шуғулланувчи субъектларнинг ойлик маошларини оширилишига йўналтирилиб, мамлакатда илмий ташкилотларнинг моддий техника баъзасини ривожлантиришга етарли маблағлар ажратилмасдан қолаяпти.
Охирги йилларда давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан илм-фан, таълим ва ишлаб чиқаришни ўзаро боғлайдиган мустаҳкам механизм босқичма-босқич ишлаб чиқилиб, жорий этилмоқда. Мамлакатимиз ривожланишида илм-фаннинг ролини кучайтиришга қаратилган ислоҳотларнинг амалий натижаси сифатида 2017-2020 йилларда қатор илмий, таълим ва инновацион ташкилотлар (тузилмалар) ташкил этилди. 32 та илмий-инновацион тузилмалар (6 та технопарклар, 8 та илмий марказлар ва 18 та илмий- тадқиқот институтлари) ҳамда янги 29 та олий таълим муассаслари ва уларнинг филиаллари шулар жумласидандир.
Бундан ташқари, 2017-2020 йилларда Президент Фармон ва қарорларида, Вазирлар Маҳкамасининг қарор ва фармойишларида, тегишли баёнларда Инновацион ривожланиш вазирлигига илмий фаолиятга оид дастурлар доирасида лойиҳаларни шакллантириш ва молиялаштириш юзасидан жами 74 та янги устувор топшириқлар белгиланган.
Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, янги илмий ташкилотларнинг илмий фаолият билан шуғилланишларини таъминлаш ва янги устувор топшириқларни сифатли бажарилиши учун илмий фаолитга оид давлат дастурлари учун ҳозирда кўзда тутуилган маблағларга қўшимча маблағлар жалб қилиниши зарур.
Бунинг ечими сифатида авваламбор, хорижий мамлакатлар билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш кенгайтирилмоқда. Халқаро илмий ҳамкорликлар доирасида Германия, Россия ва Беларуссия билан жами 9,6 млрд. сўмлик 38 та қўшма илмий лойиҳалар амалга оширилмоқда. Евроосиё ҳамжамияти, Туркия, Хитой ва Ҳиндистон давлатлари билан қўшма лойиҳаларга танловлар ташкил қилинди.
Илмий фаолиятга хусусий сектор маблағларини жалб қилиш мақсадида, илмий лойиҳаларни хусусий сектор ва тармоқ ташкилотлари билан тенг шерикликда молиялаштириш амалиёти йўлга қўйилиб, илмий фаолиятга оид дастурларни молиялаштиришга хусусий сектор ва тармоқ корхоналарининг 30 млрд. сўм қўшимча маблағи жалб қилинмоқда.
Илмий фаолиятга ҳалқаро ташкилотлар инвестицияларини оқимини кенгайтириш учун, жами 219 млн. АҚШ доллари миқдоридаги халқаро техник кўмак ва грантлар жалб қилиш бўйича 21 та лойиҳа танлаб олиниб, донор ташкилотлар билан мақсадли музокаралар ўтказилмоқда.
Илмий-инновацион лойиҳаларни қўшимча молиялаштириш мақсадида Жаҳон банкининг Ўзбекистонда миллий инновацион тизим шакллантиришга ажратиладиган 50 млн. АҚШ доллари миқдоридаги имтиёзли заём маблағларини жалб қилиш юзасидан келишувга эришилди. Лойиҳа 2011 йил давомида ишга туширилиб, илмий фаолиятга оид лойиҳалар халқаро талабларга кўра шакллантирилади, халқаро экспертлар томонидан баҳоланади ва молиялаштиришга танлаб олинади.
Энг муҳими, Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегиясига мувофиқ 2021 йилдан илм-фан ва инновация соҳасига ажратилган молиялаштириш ҳажмини ЯИМ га нисбатан 0,8 фоизга етказиш бўйича қатор амалий ишлар устида иш олиб борилмоқдаки, бу кейинги йилларда илм-фаннни ривожланишида ва Ўзбекистонни Глобал инновацион индекси халқаро рейтинги поғоналарида юқорилаб боришишида катта аҳамият касб этади.
Илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида ўтказилаётган лойиҳалар танловларида бир нечта илмий-тадқиқот муассасаларининг салоҳиятини жалб қилган ҳолда иқтисодиёт тармоқлари ёки ижтимоий соҳадаги мавжуд муаммоларнинг илмий ечимини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, “Пахта майдони агрофонини шакллантириш ва кластер асосида пахта хом ашёсини машина орқали бир теримда йиғиб олиш учун техник воситаларнинг таянч тўпламини ишлаб чиқиш” мавзусидаги инновацион лойиҳа бир пайтнинг ўзида 12 та илмий-тадқиқот муассасаси олимларининг илмий салоҳиятини бир жойга жамлаган ҳолда бажарилмоқда. Мазкур лойиҳада пахта экиш учун ер тайёрлашдан тортиб ҳосилни бир теримда йиғиб олишгача бўлган жараёнлар учун техник воситалар тўплами яратилади, ушбу жараёнларни амалга оширувчи юқори малакали мутахассислар тайёрлаш масалалари ҳам қамраб олинган.
“Персоналлаштирилган қишлоқ хўжалиги учун янги авлод навларига мос биостимуляторлар, биоўғитлар ва ҳимоя воситаларини яратиш” мавзусидаги амалий лойиҳа Фанлар академиясининг Биоорганик кимё, Геномика ва биоинформатика маркази ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот институтлари олимлари ҳамкорлигида бажарилмоқда.
Яна бир муҳим масала - ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мавқеи ва нуфузи ошириш бугунги куннинг долзарб муаммоларидан биридир. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университетида бажарилаётган “Ўзбек тилида нейминг: меъёрий-ҳуқуқий асосларини яратиш” мавзусидаги амалий лойиҳа доирасида ишлаб чиқариш, савдо объектлари, компания, фирма, маҳсулотларга ном қўйиш жараёнини енгиллаштириш, миллий анъаналаримиз ва менталитетимизга ёт номлар берилишининг олдини олиш, “Давлат тили ҳақида”ги Қонун ижросини таъминлаш юзасидан услубий кўрсатмалар ишлаб чиқилиб, номлар захираси яратилди. Университетда “Ўзбекча номлаш лабораторияси” ҳамда интернет тармоғида тадбиркорлар ва ишлаб чиқарувчилар учун uznom.uz сайти фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу сайт орқали тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи кишиларга фирма, корхоналари, савдо объектлари, ишлаб чиқарган маҳсулотлари учун миллий номлар тақдим этилмоқда.
Ҳозирги вақтда республикамизда 300 га яқин илмий ва олий таълим муассасалари, тажриба-конструкторлик ташкилотлари, илмий-ишлаб чиқариш корхоналари, кичик инновацион марказлар ва бошқа илмий-техникавий тузилмалар грант асосида илмий лойиҳаларни бажаришда иштирок этмоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон олимлари томонидан фундаментал фан ва унинг натижаларини амалиётга татбиқ этиш борасида бир қатор ютуқларни қўлга киритдилар. Табиий фанларнинг асосий соҳалари – астрономия, физика, математика, кимё, биология, фармацевтика, геология, сейсмология ва бошқа жабҳаларда жаҳон миқёсида қизиқиш уйғотаётган натижаларга эришилди. Иқтисодиётнинг минерал хомашё ресурсларини чиқиндисиз ва самарали қайта ишлаш, қуёш энергетикаси ва бошқа қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш, ахборот-коммуникация технологиялари, кимё ва биотехнология, генетика, экология, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, фармакология, тиббий диагностика каби ҳаётий муҳим тармоқларида маҳаллий инновацион технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш ишлари амалга оширилмоқда.
Ижтимоий-гуманитар фанлар – тарих, археология, шарқшунослик, Ўзбекистон халқлари маданий мероси, тилшунослик ва адабиётшунослик, санъатшунослик ва бошқа соҳаларда ҳам салмоқли натижаларга эришилмоқда.
Фундаментал тадқиқотлар натижасида тўпланган янги билимлар олимларнинг амалий ва инновацион ишланмаларида ўз ифодасини топмоқда. Жумладан, юртимизнинг йирик кимё ва нефть-кимё корхоналарида маҳаллий инновацион технологиялар асосида ишлаб чиқариш ташкил этилди. Натижада импорт ўрнини босадиган маҳсулотларни ишлаб чиқариш имконияти пайдо бўлди (ўғитлар, дефолиантлар, ўсиш стимуляторлари, юқори маркали авиация ёқилғиси ва бошқалар).
Бир қатор радиоизотоплар технологияси яратилди ва уларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Ўзбекистондаги даволаш муассасалари ушбу дори воситалари билан таъминланди ва уларни экспорт қилишга ҳам эришилди.
Дунёда биринчи бўлиб ген-нокаут технологияси ёрдамида пахтанинг бир қатор фойдали хусусиятларга эга бўлган ноёб трансген нави (“Порлоқ” серияси) яратилгани мамлакатимиз пахтачилигидаги энг йирик илмий ютуқ бўлди. Селекционер олимлар мамлакатимизнинг турли иқлим ҳудудларида ғўзанинг 20 та янги маҳаллий навларини районлаштиришга эришдилар.
Ўттиздан ортиқ номдаги янги маҳаллий дори воситалари яратилди ва ишлаб чиқаришга татбиқ этилди. Улар ҳозирги кунда ички эҳтиёж учун истеъмолга чиқарилмоқда, айримлари эса хорижий мамлакатларга экспорт қилинмоқда.
Таъкидлаш жоизки, амалий тадқиқотлар лойиҳалари иқтисодиёт тармоқларида кейинчалик ўзлаштирилиши учун инновацион таклифлар тўпламини тўлдириб бориш учун ўзига хос манбадир. Илмий-техник ишларнинг инновацион дастурларининг вазифаси ишлаб чиқаришнинг технологик даражаси ва рақобатбардошлигини ошириш, инновацион маҳсулотнинг ички ва ташқи бозорларга чиқишини таъминлашдан иборат.
Юқорида тилга олинган биринчи галдаги вазифаларни амалга ошириш, илм-фан ва технологияларни ривожантириш мақсадида фундаментал, амалий тадқиқотлар ва инновацион ишларни бажариш иқтисодиёт тармоқларидаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этиш, илмий асосга эга рақобатбардош, юқори самарали технологияларни иқтисодиёт тармоқларига жорий қилиш имконини беради.
Кўриниб турганидай, мамлакатимизда янги даврнинг пойдевори бўлмиш жуда кенг миқёсдаги янгича сифат ва қудратга эга замонавий инновацион тизимларни яратиш жараёнлари давом этмоқда. Давлат раҳбаримиз назарда тутган Учинчи ренессанс - мамлакатимизда илм-фан тараққиётининг, иқтисодиёт ва жамиятнинг, халққа хизмат қилиш ва кишиларни рози қилишдай эзгу ният билан амалга оширилаётган барча ютуқлар – кишилариимз ва ёшларимиз ақлу заковатининг, иқтидор ва истеъдод қувватининг ёрқин тантанаси бўлади.
Иброҳим Абдураҳмонов,
Инновацион ривожланиш вазири

Биз Twitterда