"Ўн бир Аҳмад" зиёратгоҳида хайрли ишга қўл урилди

Ҳар бир халқнинг ўз эътиқоди ва муқаддас қадамжо-зиёратгоҳлари мавжуд, вилоятимизда, хусусан Наманган шаҳрида ҳам халқ томонидан эъзозлаб келинаётган табаррук зиёратгоҳ масканлар бор. Булардан бири “Ўн бир Аҳмад” зиёратгоҳидир. Мазкур зиёратгоҳ шаҳарнинг Ғирвонсой мавзесида жойлашган. Ҳозирги кунда улкан реконструкция ишлари давом этаётган ушбу маскан зиёратчилар билан ҳамиша гавжум.
 
 
Наманган шаҳрида ўтказилган дарахт экиш акцияси доирасида ''Ўн бир Аҳмад'' зиёратгоҳида хайрли ишга қўл урилди. Наманган вилояти ҳокими ўринбосари Жамолиддин Алойдинов бошчилигида имом-домлалар билан биргаликда ушбу даргоҳ ва унинг атрофига манзарали кўчатлар экилди, ўтганлар руҳига дуои фотиҳа қилинди. Ипак акацияси, элдор қарағайи, каштан каби юзга яқин дарахтлар ўтқазилгани, зиёратгоҳ чиройига чирой қўшди. 
 
 
Ушбу зиёратгоҳ ҳақида турли ривоятлар бор. Баъзилар, мазкур зиёратгоҳ Ислом оламининг турли гўшаларида ва турли йилларда яшаб ўтган ўн бир Аҳмадлар номи билан аталувчи тасаввуф илмининг йирик намоёндалари бўлган шайхлар ҳурмати учун тикланган зиёратгоҳ дейишса, баъзилар фиқҳ ва тариқат аҳли вакили Ўн бир Аҳмад ҳазратларининг қабрлари дейишади. Айтишларича Ўн бир Аҳмад ҳазратларининг зоти шарифлари пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)га бориб тақалар экан.
 

Биз Twitterда