Наманганда қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносиб нишонланди

 
7 декабрь куни Наманган шаҳридаги “Шодиёна” мажмуасида Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан тантанали байрам тадбири ўтказилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
2019 йил бошқа соҳалар қатори қишлоқ хўжалигида ҳам Наманган вилояти учун том маънода баракали ва омадли келди. Хирмонлар кўкка юксалиб, халқ дастурхони ноз-неъматга тўлди. Бу йил вилоятда 237 минг тоннадан ортиқ ғалла, 195 минг тонна пахта, 820 минг тонна сабзавот, 273 минг тонна картошка, 80 минг тоннадан зиёд полиз маҳсулотлари, 274 минг тонна мева, 115 минг тонна узум, 1600 тоннадан ортиқ пилла, 147 минг тонна гўшт, 691 минг тонна сут, 605 миллион донадан ошиқ тухум тайёрланди. Ҳар бир йўналишда белгиланган режани ортиғи билан бажаришга эришилди, ҳосилдорлик ва самарадорлик ўтган йилга нисбатан сезиларли ошди.
 
 
Тадбирда сўз олган Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров соҳа ходимларининг бугунги катта байрам – Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни табриклади.
“Сиз, азизларнинг фидокорона меҳнатингиз самарасини кунлик турмушимизда ҳис қиламиз, ҳар куни дастурхонимизда кўрамиз. Давлатимиз раҳбарининг кеча эълон қилинган Қишлоқ хўжалиги ходимларига байрам мурожаатномаларида вилоятимизнинг қишлоқ хўжалигидаги ютуқлари, кластер тизимига ўтишдаги муваффақиятлари ҳам алоҳида эътироф этилгани, Мингбулоқ, Поп, Чуст туманларида пахтадан мўл ҳосил етиштирилгани таъкидлаб ўтилгани бизни янада хурсанд қилди.
 
 
2019 йил қишлоқ хўжалиги соҳасида вилоятимизда катта тадрижий янгиликлар йили ҳам бўлди десак хато қилмаймиз. Пахтачиликда бу йил 8 та туманда 55 минг гектардан зиёд майдон 4 та кластер корхоналарига бириктирилди. Америкадан келтирилган 13 та замонавий пахта терим машиналари теримда иштирок этди.
Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, Минбулоқ туманининг қишлоқ хўжалигидаги бу йилги ютуқлари таҳсинга сазовор. Бир пайтлар кўрсакичларда оқсаган туманни, биз вилоятда олдинга ўринга олиб чиқишни мақсад қилгандик. Мана бугунга келиб бу туман республикамизда ҳам юқори поғоналарга чиқди,” деди Хайрулло Бозоров.
 
 
Шундан сўнг вилоят раҳбари йил давомида юқори кўрсаткичларга эришган фермерлар ҳамда соҳанинг илғор ходимларини тақдирлади. Фидойилар меҳнатларига яраша муносиб рағбат олдилар.
 
 
Тадбир юртимизнинг таниқли санъаткорлари иштирокидаги концерт дастурига уланиб кетди. Эл ардоғидаги ҳофизлар Рустам Ғойипов, Ботир Қодиров ҳамда хоразмлик истеъдодли хонанда Ҳулкар Абдуллаеваларнинг хонишлари байрамга ўзгача руҳ бахш этди.

Биз Twitterда