"Янги Ўзбекистон — янги сайловлар" миллий акцияси кўтаринки руҳда ўтди

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг 22 декабрдаги сайловларда фуқароларни фаол иштирок этишга чорлаш мақсадида “Янги Ўзбекистон - янги сайловлар” миллий акциясини ўтказиш бўйича ташаббуси жамоатчилик томонидан кенг қўллаб-қувватланди. Буни 14 декабрь куни Наманган вилоятининг барча шаҳар, туманлари марказларида ўтказилган оммавий тадбирлардаги кўтаринкиликдан билиш мумкин. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда. 
 
 
Тўрақўрғон шаҳридаги маданият саройида ташкил этилган тадбирда сўз олган Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Пахриддин Маткаримов ушбу миллий акция фуқароларнинг эътиборини муҳим сиёсий жараёнларга қаратиш, хабардорлигини ошириш, мамлакатдаги ўзгаришларга даҳлдорлик ҳиссини кучайтириш, уларнинг фаол фуқаролик позицияларини намойиш этишга чорлашда муҳим ўрин тутишишини таъкидлади.
 
 
“Бу йилги сайловлар янги Сайлов кодексига мувофиқ юқори савияда ташкил этилмоқда. Бу эса Ҳаракатлар стратегиясида акс эттирилган прогрессив демократик ғояларнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлмоқда”, деди ҳоким ўринбосари.
 
 
Таниқли сўз устаси Аваз Охун, Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизовларнинг чиқишлари тадбирга ўзгача кўтаринкилик бағишлади. Миллий акцияга ёш истеъдодли санъаткорлар чиқишлари якун ясаб берди.
 
 
Ўтказилган тадбирларда сайловга тайёргарлик жараёнлари ҳамда қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳақида фойдали маълумотлар тақдим этилди. Шунингдек, санъаткорлар, ҳурматга сазовор инсонлар, спортчилар билан учрашувлар, мусиқий дастурлар ва турли викториналар ташкил этилди. Энг асосийси, сайловлар ҳақида барча маълумотлар содда ва тушунарли тилда аҳолига етказилди.
 
 
Акцияда сиёсий партиялар ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар ва ёшлар иштирок этдилар.

Биз Twitterда