Осиёга карате дарси берди наманганлик Сарвар!

Article
Наманган вилоятида спортнинг шарқона яккакураш турларини ривожлантириш ва уни ёшлар орасида кенг оммалаштиришга қаратилаётган эътибор ўз мевасини бермоқда. Бу истеъдодли ўғил-қизларимизнинг халқаро спорт ареналарида эришаётган ёрқин ғалабаларида ўз аксини топмоқда.
Яқинда Малайзия пойтахти Куала-Лумпур шаҳрида бўлиб ўтган каратэ бўйича нуфузли халқаро турнирда Наманган муҳандислик-педагогика институти талабаси Сарвар Муродиллаев Ватанимиз шаънини муносиб ҳимоя қилиб, олтин медални қўлга киритди. Музаффар спортчимизнинг ғалабаси шарафига давлатимиз мадҳияси янграб, Ўзбекистон байроғи баланд хилпиради.
Осиё қитъасининг 17 та давлатидан сараланган каратэ усталари баҳслашган мусобақада 67 килограмм вазн тоифасида татамига чиққан Сарвар Муродиллаев Индонезия, Хитой, Эрон ва Малайзия мамлакатларидан келган рақибларини катта устунлик билан доғда қолдириб, ғолиблик шоҳсупанинг энг юқори поғонасида эътироф этилди.
Дарвоқе, бундай ютуқлар Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси мураббийси, вилоят каратэ миллий федерацияси раҳбари Аюбхон Тошбоев бошчилигида 2020 йили Токиода бўладиган XXXII ёзги Олимпия ўйинларига каратэ бўйича йўлланма олишга аҳл қилган наманганлик спортчиларни янгидан янги марралар сари руҳлантиради.
Оқилхон ДАДАБОЕВ

Биз Twitterда