Наманган вилоятида газ босими бир кечада беш баробарга кўпайтирилди

Наманган вилояти ҳудудида аҳолига етказиб берилаётган табиий газнинг тақсимлаш станцияларидан чиқиш босими 2 декабрдан 3 декабрга ўтар кечаси беш баробарга кўпайтирилди. Бу кўрсаткич 6 ноябрдан то 2 декабрга қадар 0,2 атмосферани ташкил қилиб, белгиланган кўрсаткичдан 15 баробар кам бўлган ва аҳоли норозилигига сабаб бўлган. Бу ҳақда “Ҳудудгаз Наманган” МЧЖ директори ўринбосари Ўткирбек Мамадалиев маълум қилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
 
 
Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати томонидан вилоятда газ ва электр таъминотида узилишлар билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан ташкил этилган матбуот анжуманида сўз олган Мамадалиев, газ тақсимлаш станцияларидан чиқиш босими 2 декабрдан 3 декабрга ўтар кечаси беш баробар кўпайтирилиб, 1 атмосферага етказилганини, бу кўрсаткични 3 атмосферадан ошириш бўйича босқичли ишлар амалга оширилаётганини билдирди.
 
 
Автомобилларга газ қуйиш шахобчаларида юзага келаётган узилишлар юзасидан изоҳ берган Ўткирбек Мамадалиев, газ таъминотида бирламчи истеъмолчилар – кўп қаватли уйларда яшовчилар ҳамда ижтимоий объектлар эканини ва бу сабабдан мавжуд 83 та АГҚШларга вақтинча 10 соатлик чеклов қўйишга тўғри келганини қайд этиб, газ босимининг ортиши билан бу чекловлар босқичма-босқич бекор қилинишини маълум қилди.

Биз Twitterда