Мирзиёев Хива, Янгиариқ, Боғот туманларидаги 6 та лойиҳа билан танишди

Жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 27 январь куни Хоразм вилоятига ташриф буюрган Шавкат Мирзиёев Паҳлавон Маҳмуд мақбараси зиёрат қилди ва Хоразм Маъмун академиясига ташриф буюрди.
Хива туманидаги “Болтабой оқсоқол” фермер хўжалигида ташкил этиладиган балиқчилик комплекси,  “Хива наслли парранда” масъулияти чекланган жамияти томонидан ташкил этилиши режалаштирилган паррандачилик маркази, Янгиариқ туманида ташкил этиладиган ип-газлама ишлаб чиқариш корхонаси, “Тилло домор” хусусий корхонаси томонидан ташкил этиладиган замонавий типдаги чорвачилик комплекси Боғот туманида 200 гектар майдонда токзор ташкил этиш лойиҳалари билан танишди.
 Шунингдек, “Ўзбекнефтгаз” компанияси томонидан ташкил этилаётган пластмасса заводи лойиҳаси ҳам намойиш этилди. Бу ерда 3,5 минг тонна полиэтилен ва полипропилен гранулаларини қайта ишлаш асосида турли сиғимли сув идишлари, шунингдек, яшик ва қутилар ишлаб чиқариш мўлжалланмоқда.
Урганч шаҳрида Хоразм вилояти фаоллари билан учрашув бўлиб ўтди. Йиғилишда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада ошириш, ёш авлодни тарбиялаш ва иш билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Президентимизнинг Хоразм вилоятига ташрифи давомида бўлиб ўтаётган учрашув ва суҳбатлар Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида аҳоли билан доимий мулоқот олиб боришнинг амалий исботи бўлмоқда. Бундай мулоқотлар нафақат Хоразм аҳли, балки бутун халқимиз кўнглини кўтариб, эртанги кунга ишончини янада мустаҳкамламоқда.
Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига ташрифи давом этмоқда.

Биз Twitterда