Кореянинг Жонгбу университети Наманганда ўз филиалини очишни режалаштирмоқда

Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Окибжон Инамов 13 декабрь куни Корея Республикасининг Жонгбу универститети Халқаро алоқалар департаменти директори Минхи Ли билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
 
 
Учрашув давомида Наманган шаҳрида Жонгбу университети филиали ва унга муқобил равишда хусусий хорижий университет очиш масалалари муҳокама қилинди.
“Вилоятимизда малакали кадрларга, айниқса, технологлар, муҳандислар, дастурчилар шу каби соҳавий мутахассисларга бўлган эҳтиёж жуда катта. Шу боисдан олий таълим соҳасида дунёнинг илғор олийгоҳлари билан ҳамкорлик қилиш бизнинг устувор вазифаларимиздан ҳисобланади. Бизда катта-катта корхоналар шаклланмоқда. Уларнинг фаолиятини янада ривожлантиришда чуқур билимга эга ходимлар ўрни беқиёсдир ”, дея таъкидлади Окибжон Инамов.
Жаноб Минхи Ли Жонгбу университети соҳавий мутахассислар тайёрлаш бўйича ўзига хос тажрибага эга эканлигини таъкидлаб ўтди. 
 
 
“Фаолиятимизни бошлашимиз учун бизга бино зарур. Агар шундай имконият бўлса, уни жиҳозлаш, таъмирлаш, мослаштириш ишларини бошлаймиз. Ёки бўлмаса вақтинчалик бинода туриб, ўзимиз учун бино қуриш ишларини бошлашимиз ҳам мумкин. 2020 йил сентябрь ойидан эътиборан талабаларни қабул қилиб, ўқитишни бошлаш ниятимиз бор. Биз ахборот технологиялари, автомобиль муҳандислиги, саноат дизайни, туризм ва меҳмонхона менежменти ва корейс тили ва адабиёти йўналишлари бўйича таълим берамиз. Талабалар 3+1 (3 йил Ўзбекистонда 1 йил Корея республикасида) ёки 2+2 тизимида таҳсил олиш имкониятига эга бўладилар”, деди Минхи Ли.
Шунингдек учрашув чоғида хусусий хорижий университет ташкил этиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Бу вариантда ташкил этилажак олийгоҳ, нафақат Жонгбу университети, балки Корея Республикаси бошқа нуфузли университетлари билан ҳамкорлик қилиш имкониятига эга бўлади.
 

Биз Twitterда