Эркинжон Турдимов 10 кунда қайта сенатор этиб сайланди

Article
17 январь куни Марказий сайлов комиссияси томонидан Эркинжон Турдимовнинг сенаторлик ваколати муддатидан илгари тугатилган эди. Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши депутати ваколати тугатилганлиги сабабли Эркинжон Турдимов сенаторликдан кетганди. Орадан ўн кун ўтиб, 27 январда у яна Сенат аъзолигига сайланди. Термиз шаҳридаги Ёшлар маркази биносида Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг бўшаб қолган ўринга Олий Мажлис Сенати аъзоси сайлови бўйича қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Яширин овоз бериш йўли билан ўтказилган сайлов натижаларига кўра, Сурхондарё вилояти ҳокими, Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгаши раиси Эркинжон Турдимов Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати аъзоси этиб сайланди, дея хабар бермоқда Марказий сайлов комиссияси.
Эркинжон Турдимов 2016 йилнинг 16 декабрь куни Сурхондарё вилояти ҳокими этиб тайинланганди. Бунгача у 2008 йилдан бери Навоий вилоятига ҳокимлик қилиб келаётган эди.

Биз Twitterда