Бухоро шаҳрига янги ҳоким тайинланди

Article
24 январь куни халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Ўктам Барноев сўзга чиқди, дея хабар беради ҳокимлик расмий  сайти.
Сессияда мамлакатимиз Президенти томонидан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, одамларга муносиб турмуш шароитларини яратиш, улар билан яқиндан мулоқот қилиш ва муаммоларини ҳал этишга қаратилган долзарб вазифалар илгари сурилаётганига алоҳида урғу берилди
“Афсуски - деди вилоят ҳокими Ўктам Барноев -  шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш соҳасида жиддий камчиликларга йўл қўйилмоқда. Уй-жой қурилиши ва сифати талаб даражасида эмас. Коммунал тўловлар бўйича қарздорлик бартараф этилмаётир. Шаҳарни ободонлаштириш ишлари аянчли аҳволда. Одамларни ташвишлантираётган муаммоларни ҳал этишга масъулиятсизлик билан қаралаётгани сабабли, юқори ташкилотларга қилинаётган мурожаатлар кўпаймоқда. Бу эса шаҳар раҳбариятининг ташкилотчилиги етишмаслиги, масалага янгича ёндашмаётганини кўрсатади”.
Сессияда ташкилий масала кўрилиб, ҳоким Валижон Ўринов ўз аризасига биноан вазифасидан озод қилинди. Когон шаҳрини бошқариб келаётган Ихтиёр Фармонов Бухоро шаҳар ҳокими этиб тайинланди.

 

Биз Twitterда