Билимсиз тараққиёт бўлмайди: Хайрулло Бозоров чекка ҳудудлардаги мактаблар ҳолати билан танишди

 
Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров чекка ҳудудлардаги мактабларнинг умумий ҳолати ҳамда билим бериш даражасини ўрганиш жараёнида Мингбулоқ туманидаги 3-сонли умумий ўрта таълим мактабида бўлди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлигининг ахборот хизмати хабар бермоқда.
 
 
Мактабнинг 1-, 10- ҳамда 11-синф ўқувчиларининг дарс жараёнларида иштирок этган вилоят ҳокими, ўқувчилар билан самимий мулоқот ўтказди.
1-синф ўқувчилари билан суҳбат чоғида “Келажакда ким бўлмоқчисиз?” саволига ўзига ишонч билан “Президент бўлмоқчиман” деган болага “Илоҳим, Президент бўлгин” деб тилак билдирган Хайрулло Бозоров, ўқувчиларга келажакда зафарлар тилади.
 
 
Юқори синф ўқувчилари билан бўлган мулоқот эса, уларнинг келгуси режалари ҳақида борди. Физика дарсида иштирок этган вилоят ҳокими, Ньютон қонунлари бўйича саволлар билан ўқувчиларнинг билим даражасини текширди.
 
 
“Билимсиз тараққиёт бўлмайди” деб қайд этган вилоят ҳокими, аниқ фанларни пухта ўзлаштирмасдан, ахборот технологиялари ҳамда хорижий тилларни ўрганмасдан бугунги куннинг етук кадрлари бўлиб имконсиз эканини таъкидлади.
 
 
Мактабда иситиш тизими жуда яхши ишлайди, электр таъминоти етарли. Бироқ 1974 йилда қуриб фойдаланишга топширилган мактаб биносининг ҳолати бугунги кун талабларига жавоб бермаслигини қайд этган Бозоров, келгуси йил ёзда мактабни тўла таъмирлаш бўйича дастурга киритиш юзасидан молия бошқармаси раҳбарига кўрсатма берди.
Мактаб спорт залининг ҳам ҳолати вилоят ҳокимини қониқтирмади. Керакли спорт жиҳозлари билан таъминлаш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Биз Twitterда