Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш – устувор вазифа

Наманган туманидаги Қумқўрғон маданият ва аҳоли дам олиш масканида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг сайёр қабули ўтказилди. Қарийб 3 соат давом этган қабул чоғида 60 дан зиёд мурожаатлар кўриб чиқилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
 
 
Мурожаатларнинг ярмидан кўпини уй-жой таъминоти масаласи ташкил этди. Хусусан Қумқўрғон маҳалласида истиқомат қилувчи Абдусалом Рустамовнинг бу борадаги илтимоси вилоят ҳокими томонидан алоҳида назоратга олинди.
 
 
- Биринчи гуруҳ ногирониман, аёлим ҳам шундай ҳолатда. Ҳовлида яшаш беморлик туфайли қийинлик қилиб қолди. Шу боис кўп қаватли хонадондан уй олиш мақсадида юқори идораларга мурожаат қилганман. Бугун ҳокимимиз менинг мурожатимни алоҳида эътиборга олганлари қувонтирди, - деди Абдусалом Рустамов.
Қабулдан сўнг туман ҳокими Садриддин Мўминов ва туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Тугмахон Сиддиқовалар мурожаатчи хонадонига ташриф буюриб, вазият билан танишдилар. Ёрдам кўрсатиш чорасини тезлаштиришга келишилди.
 
 
Наманган шаҳри, Ишонч маҳалласи Ёнғоқзор кўчасида истиқомат қилувчи Зайнаб Абдуллаева ҳам вилоят раҳбаридан эҳтиёжмандлар учун ажратилаётган кўп қаватли уйлардан хонадон сўраб мурожаат қилди. Унга айни пайтда бундай типдаги уйлар қурилмаётгани, мурожаати шаҳар ҳокимига йўналтирилиб, имтиёзли асосда – 50 фоизини давлат томонидан қоплаб бериш шарти билан 2020 йилда эҳтиёжи таъминланиши маълум қилинди.
 
 
Шунингдек, шўрқўрғонлик Мирзакбар Жўраев, қумқўрғонлик Атҳамжон Мамадалиевлар ҳам кўп-қаватли уй-жой олиш учун шу ерни ўзида рўйхатга олиндилар.
 
 
Наманган туманидан Рислиғой Ҳайдарова айни пайтда Наманган шаҳридаги Педагогика коллежи ётоқхонасида дугонасининг турар-жойида истиқомат қилаётгани, уйга муҳтожлигини маълум қилди. Рислиғой вилоят ҳокимлиги давлат уй-жой фондини бошқариш департаменти томонидан рўйхатга олиниб, заҳирдаги уйлардан бирига кўчиб ўтадиган бўлди.
 
 
Косонсойлик Муножотхон Асророва айни пайтда 1,5 гектарлик майдонда тутзорда меҳнат қилиши, инкубация қурилиши учун ер сўраб мурожаат қилди. Бу масала вилоят ер ресурслари ташкилоти томонидан назоратга олиниб ижобий ҳал этиладиган бўлди.
 
 
Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш устувор вазифа эканлиги, уларнинг барча зарурий талабларини қондириш лозимлиги таъкидланди. Барча бунинг амалий исботига ҳам шоҳид бўлди.
 
p/s. Шу ўринда, бир нарсани таъкидлаб ўтиш жоиз, мурожаатчиликни ўзига касб қилиб, мунтазам равишда моддият илинжида сайёр қабулда “ҳозиру нозир” бўладиган ҳамюртларимизни кўриб, бироз ўйга толади, киши. Чунки бу сафар ҳам бундай “одатий шахслар” кам бўлмади. Ваҳоланки, уларга ёрдам берилгани, уй қурилгани, хонадони таъмирланганига кўп муддат бўлган эмас.

Биз Twitterда