Наманганда ютуқлар билан бирга муаммолар ҳам етарли. Ўзбекистоннинг ҳамма жойида бўлгани каби

 
Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқлар кўпчилик учун ўз муаммосига ечим излашнинг ягона воситаси бўлиб қолди. Бу ижобий ҳолат, чунки сўз эркинлиги борасидаги мамлакатимиздаги сўнгги даврдаги ислоҳотлар сабабли, ҳар ким ўз дардини очиқ айтишга, ҳар бир воқеъликка муносабатини эркин билдиришга ўтди.
Ижтимоий тармоқларда кўтариб чиқилаётган муаммоларнинг тури ҳам кўп, географияси ҳам жуда кенг. Кимдир ўз иқтисодий муаммосига ечим изласа, бошқаси маҳалласидаги ижтимоий масалани олиб чиқади, яна кимдир ўз фаолияти билан боғлиқ бошқа жиҳатга эътибор қаратади...
Хуллас, ҳаммамиз ёзилаётган, гапирилаётган масалаларга гувоҳмиз.
Энди масалани бошқа нуқтадан олиб қараш керак. Янги қарорлар қабул қилиняпти, халқ билан мулоқот ривож топмоқда, инсон манфаати давлат сиёсатида устуворлик касб этди. Ҳар соҳада ўзгариш, янгиланишлар кетмоқда. Бироқ, бу жараён бошлангандан бери ўтган икки-уч йил ичида узоқ йиллар давомида айтилмагани, кўтарилмагани учун эътибордан четда қолиб келган муаммоларнинг ҳаммасини ҳал этиб қўйиш мумкинми?
Наманган вилояти мисолида олиб қарайдиган бўлсак, сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга ошаётган улкан ислоҳотлар натижасида вилоятда катта ижтимоий-иқтисодий сакрашга эришилди. Қишлоқ хўжалигига тор шаклда ихтисослашиб келган Наманган, бугун жадал ривожланаётган саноат минтақасига айланиб бормоқда.
Яқинда Янгиқўрғон туманида йиллик ишлаб чиқариш қуввати 1,5 миллион тонна бўлган янги йирик цемент заводига тамал тоши қўйиш маросимида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров қуйидаги рақамларни келтириб ўтди:
“2017 йилда вилоятга жалб этилган хорижий инвестициялар ҳажми 7,5 миллион АҚШ долларига тенг бўлганди. 2018 йилда 74 миллион доллар инвестиция кириб келди. Бу йил учун 108 миллион доллар хорижий сармоя жалб этиш режалаштирилганди, аммо 2019 йилнинг дастлабки олти ойида вилоятга 125 миллион доллар ҳажмда инвестиция кириб келди, йил охирига қадар бу рақамни 400 миллион долларга етказиш режалаштирилган.”
Ушбу динамика, вилоятда бўлаётган ижобий ўзгаришларнинг яққол кўринишидир.
Яқин йилларгача Наманган шаҳри катта бир қишлоққа ўхшарди. Туман марказларини-ку, гапирмаса ҳам бўларди. Бугун олиб борилаётган янгиланишлар натижасида, амалга оширилаётган “Обод марказ” ва “Обод қишлоқ” дастурлари доирасидаги ишлар билан вилоят шаҳар ва туманлари янгича, замонавий тус олди. Таний олмайсиз бу ерларни 3-4 йилдан бери келмаган бўлсангиз.
Умуман олганда, бундай ютуқлар ҳар соҳада мавжуд. Уларни санаб ўтирганнинг ҳожати йўқ. Вилоятда давлатимиз раҳбарининг халқ фаровонлиги ва розилигини асос олиб юрғизаётган сиёсатини ҳаётга тадбиқ этиш юқори даражада бўлишига ҳамма бир ёқадан бош чиқариб интилмоқда. Шу билан бирга, юқорида келтириб ўтилгандек, муаммолар етаридан ортиқ тўпланиб қолганини ҳеч ким инкор қилаётгани йўқ ҳамда уларни бартараф этиш бўйича муттасил иш олиб борилмоқда.
Сўнгги даврда ижтимоий тармоқларда шундай хусус кўзга ташланишга бошладики, энди баъзи бир “тадбиркор” ижтимоий тармоқ фаоллари, жойларга чиқиб моддий манфаат эвазига мавжуд муаммони ечиб бериш таклифини ҳам беришдан тоймай қолишди. Бундай “уддабуронлар”ни жойлардаги масалани қонуний ечими эмас, “шов-шуви” керак бўлган “жабрдийдалар” чақиришга бошлашди.
Энди ўзини “буюк инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси”, “қалами ўткир журналист”, “таъсир доираси кучли блогер” сифатида танитишга уринаётганлар, бошқа вилоятлар қаторида Наманган вилоятидан ҳам “ризқ” қидириб қолишди.
Келгандан кейин ўзининг нархини сал ошириш керак-ку, шунинг учун кўчама-кўча, маҳаллама-маҳалла санғиб қаерда бир муаммо мавжуд бўлса, ўшани кўпиртириб, бўрттириб, салбий бўёқни ошириб тарқатишга тушишди. Худди биров уларга Наманган идеал жой, бирорта ҳам муаммо йўқ дегандай!
Наманганда ютуқлар билан бирга муаммолар ҳам етарли. Ўзбекистоннинг ҳамма жойида бўлгани каби. Ечими ҳам Наманганда бўлган муаммолар. Уларни ҳал этиш учун олиб борилаётган кунда 24 соатлик машаққатни бунинг ичида бўлган, ёки кўраётган вилоят аҳли билади. Буларни йиғиб, ўз моддий манфаати йўлида вилоят номини қоралашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Бу ўзича иккита кўрган нарсасини бўрттириб, “муаммо топдим, хўрозга ўхшаб қичқиришга асос топилди” деб шошилаётган “гастербайтер муаммошунослар”, сиз билмаган, ҳеч қачон кўзингизга тушмайдиган ҳали қанчадан қанча масалалар бор-ку. Иссиқ демай, совуқ демай, ҳар кун эрта тонгдан уйма-уй юрилибди бу муаммоларни аниқлаш, чорасини кўриш учун. Ҳал қилволамиз ҳаммасини Худо хоҳласа. Сиз муаммо бўлмай турсангиз бўлди...
Дилмурод Жумабоев

Биз Twitterда