Ҳинд инвесторлар Учқўрғонда замонавий клиника очиб, Косонсойда фармацевтика заводлари қурадилар

Наманган вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Аюбхон Камалов, 29 ноябрь куни амалий ташриф билан Наманганга келган Ҳиндистон Республикасининг “Uzind Healthcare Private Limited” компанияси раиси Гаурав Гупта ва “Precise Chemipharma Private Limited” компаниясининг ишлаб чиқариш бўйича вице-президенти Маножкумар Думал бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлигининг ахборот хизмати хабар бермоқда.
 
 
Учрашувда Наманган вилояти ҳамда Ҳиндистоннинг ҳар икки компанияси ўртасида тиббиётнинг барча соҳалари хусусан, тиббий диагностика, дори-дармон ишлаб чиқариш, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишни ташкил этишдаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
 
 
“Ҳиндистон – жадаллик билан ривожланиб бораётган салоҳиятли давлат. Сизларнинг тиббиёт, ахборот-коммуникация технологиялари, космосни тадқиқ қилиш борасида эришаётган ютуқларингиз эътирофга сазовор. Ўзаро ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга ошириш учун биз ҳар қандай ёрдамни кўрсатамиз. Ҳиндистон ва Ўзбекистон алоқалари бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ, Бу ришталар тарихи узоқ йилларга бориб тақалади. Бизнинг Ахсикентда таваллуд топган Бобурнинг набираси дунёнинг етти мўъжизаларидан бири ҳисобланадиган “Тож Маҳал”ни барпо этган”, - деди Аюбхон Камалов.
Ўз навбатида “Uzind Healthcare Private Limited” компаниясининг бошқарув директори Ражу Свами яратиб берилаётган шароитлар учун вилоят ҳокимлигига ўз ташаккурини изҳор этди.
 
 
“Айни пайтда биз учта лойиҳа бўйича амалий ишларни бошлаб юборганмиз. Учқўрғоннинг Қайқи қишлоғида бизга замонавий клиника бунёд этиш учун тайёр бино ажратилган. Декабрь ойидан бошлаб бинони мослаштириш ва жиҳозлаш ишларини бошлаймиз. Режага кўра 2020 йил мартидан клиника аҳолига хизмат кўрсатиши кўзда тутилган. “Косонсой-Фарм” ЭИЗда эса икки алойҳида лойиҳа асосида дори-дармон воситалари ишлаб чиқарувчи завод қурамиз. Битта лойиҳа тўлиғича Ҳиндистон инвестицияси эвазига ишга туширилса, иккинчиси маҳаллий ҳамкорлар билан биргаликда амалга оширилади”, - деди Ражу Свами.
 
 
“Косонсой-Фарм” ЭИЗда инвесторлар учун ўта қулай муҳит яратилган. Бу ҳам амалга ошириладиган лойиҳаларни тезроқ ҳаётга тадбиқ этилишига хизмат қилади” – қайд этди вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари.
Шунингдек, учрашув чоғида ўзаро тажриба алмашиш, ҳинд шифокорларининг Наманганда мунтазам қабулларини уюштириш, ўзбек бозорига энди кириб келаётган “Precise Chemipharma Private Limited” компанияси амалга оширишни режалаштирган истиқболли лойиҳалар муҳокама этилди.
Ҳиндистонлик инвесторлар 1 декабрга қадар Наманганда бўлишади ва вилоятдаги тиббиёт муассасалари, “Косонсой-Фарм” эркин иқтисодий зонаси, Янгиқўрғон ва Учқўрғондаги объектлар фаолияти билан яқиндан танишишади.

Биз Twitterда