Хива – Туркий дунёнинг 2020 йилги маданият пойтахти деб топилди!

Ўш шаҳрида ўтказилган Халқаро Туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ (TÜRKSOY)нинг 37- доимий йиғилишида Хива шаҳри Туркий дунёнинг 2020 йилги маданият пойтахти деб топилди.
 
 
Ушбу йиғилишда Маданият вазири ўринбосари  Камола Оқилова иштирок ва Хива шаҳрининг тақдимотини ўтказди.
Ўзбекистон, Озарбайжон, Туркия, Туркманистон, Қирғизистон ва Қозоғистон маданият вазирларининг 1992 йилдаги учрашувларида бу ташкилотни тузиш ғояси пайдо бўлган. 1993 йилда Олмаотада бўлиб ўтган учрашувда расман Туркий маданият ва санъатни ҳамкорликда ривожлантириш ташкилоти номи билан асос солинган. 2009 йилда ташкилот ҳозирги номини олган.
Бу ташкилот, 2012 йилдан эътиборан ҳар йили туркий давлатлар ичидан бир шаҳарни Туркий дунёнинг маданият пойтахти деб эълон қилади. 2012 йилда Астана (Қозоғистон), 2013 йилда Эскишеҳир (Туркия), 2014 йилда Қозон (Татаристон), 2015 Марв (Туркманистон), 2016 йилда Шаки (Озарбайжон), 2017 йилда Туркистон (Қозоғистон) 2018 йилда Кастамону (Туркия) шаҳарлари бундай номни олишган. Жорий 2019 йилда Қирғизистоннинг Ўш шаҳри Туркий дунёнинг маданият пойтахти ўлароқ эълон қилинган.
Хўш, Туркий дунёнинг маданият пойтахти номи бу шаҳарларга нима беради? Даставал, шаҳарни халқаро ва маҳаллий миқёсда танитишда, яъни ички ва ташқи туризмнинг ривожлантиришда бу мақомнинг аҳамияти чексиздир. Нафақат шаҳарни, балки мамлакатни ҳам туркийзабон давлатлар миқёсида кенг танитади.
 Йил бўйи давом этадиган тадбирлар доирасида маданият пойтахтига жуда кўп туристларнинг келиши туризмнинг кескин ўсишига, инфратузилмаларнинг яхшиланишига олиб келади. Қолаверса, бу шаклланган инфратузилма кейин ҳам маҳаллий иқтисодиётга хизмат қилади.
©vodiymedia.uz

Биз Twitterда