АҚШ Жосуслик хизматларининг асосий мақсади - Ўзбекистоннинг ёрқин келажаги!

 
“Йўқ, жа бунчаликмасдиров” дедингизми? Ёки “жинними бунақа сарлавҳали мақола ёзган журналист?” дея асабингиз бузилдими? Ҳа, биз ҳам сизнинг ўрнингизда бўлсак, шундай ўйлардик. Лекин сўнгги даврда кўпгина катта-катта оммавий ахборот воситаларимизда “Америка овози”, “Озодлик”, ВВС каби Ўзбекистоннинг эмас, бошқа давлатларнинг Ўзбекистонга алоқадор манфаатларига хизмат қилувчи нашрларнинг “реклама”сига-ю, уларнинг журналистлари “фикрлари”га катта майдон беришдан бўшамай қолинганини кўриб, “тахмин” қилдикки, “шунақа сиёсат кетаётганга ўхшайди матбуот сиёсатимизда”. Ҳа бизнинг сарлавҳа, ҳа “Америка овози” каби нуфузли ОАВнинг Ўзбекистондаги ислоҳотларга муносабати" қабилидаги материал, фарқи нима!
Энди келинг, бир таҳлил қилайлик, бу нашрлар ўзи нима учун бор. Айтайлик, “Америка овози” ва “Озодлик” АҚШ Жосуслик хизматларининг лойиҳаси экани “Полишинел сири” эканлиги ҳаммага маълум бўлса керак. Америкада бир комиссия фаолият юритади: Диний эркинликлар бўйича АҚШ давлат комиссияси. Маслаҳат органи ҳисобланган бу комиссиянинг вазифаси, айтилишича, АҚШ президентига, Давлат секретарига ва Конгрессга сиёсий тавсия беришдан иборат. Яқинда, 2017 декабрда бу комиссия АҚШ Ҳукуматига “Америка овози” ва “Озодлик”нинг Россия, Ўзбекистон, Қозоғистон ва бошқа собиқ иттифоқ ҳудудларидаги фаолиятини молиялаштиришни ошириш шарт эканлиги тавсиясида бўлган. Мақсадни яшириб ҳам ўтиришмайди: АҚШнинг ғояларини бу давлатларда кенг ёйиш, диний эркинликларни таъминлаш термини остида “Иегово Шоҳидлари” ва бошқа таъқиқланган секталарга йўл очиш. Буларнинг ўзиёқ бу ОАВларни умуман чеклаш талабини келтириб чиқаради. Энди масалани чуқурроқ таҳлил қиладиган бўлсак, бу эълон қилинган мақсадлар аслида АҚШ нима учун бу оммавий ахборот воситаларини молиялаштиряпти деган саволга юзаки жавоб бериш учун холос. Жуда тор доираларда билинадиган бунданда “аниқроқ” мақсадларнинг йўқлигига ким кафолат беради?!
Хўш, нима демоқчимиз? Марказий нашрларнинг “бепул рекламаси” натижасида Ўзбек матбуот маконида бу палаги бузуқ ОАВларни жиддий ахборот манбаси сифатида қабул қилиш бошланади. Буларнинг истаги ҳам айнан шу. Ортидан, Ўзбекистоннинг ички матбуот маконида ўйинчи бўлишга уринишади. Эртага юртимиздаги ҳар бир янгиликни ўз хўжайинлари манфаатига мос равишда талқин қилиб, ўзимизга едиришга бошлашади. Биз бўлсак энди уларни жиддийга олманг дея олмай қоламиз, сабаби ўзимиз мақтаб-мақтаб, жиддийга олиниши шарт бўлган ОАВ шаклига келтириб қўйган бўламиз...ИШИДни шундоқ биқинимизга олиб келиб ўрнаштириб, уларни “янги мақсадлар” учун тайёрлаб турилган бир пайтда, ахборот маконимизни ёт ғоялар тарғиботчиларига бериб қўйиш яхшиликка олиб бормайди! Демади деманглар...
Дилмурод Жумабаев

Биз Twitterда