Тўрақўрғонлик Одина Маҳаммадалиева "Йил ҳикояси" кўрик-танловида учинчи ўринни эгаллади

 
Тўрақўрғон туманидаги 53-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Одина Муҳаммадалиева Халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан бу йил илк бор ўтказилаётган “Йил ҳикояси” кўрик-танлови республика босқичида фахрли учинчи ўринни эгаллади.
Ўзбекистон Президентининг китоб ва китобхонлик равнақига қаратилган қарор ва фармойишлари ҳамда Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббус асосида ташкил этилган кўрик-танловнинг Республика босқичига Наманган вилояти мезбонлик қилди.
Наманган вилояти ахборот ресурс марказида ташкил этилган танловнинг якуний босқичида дастлабки мактаб, шаҳар ва туманлар ҳамда вилоят босқичларида устунликка эришган Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлардаги ижодга ошно, ҳикоянавислик борасида юксак қобилиятга эга бўлган истеъдодлар иштирок этдилар.
Улар танлов ҳайъати томонидан берилган мавзулар бўйича ҳикоя ёзиб, ижодий қобилиятларини намоён қилдилар.
Танлов ҳайъати, ёш ҳикоянависларнинг ижодий ишларини баҳолашда ҳикояларда мавзунинг тўлиқ очиб берилганлиги, маъно ва мазмун жиҳатдан таъсирчанлиги, ижодий ишларининг матбуот нашрларида ёритилгани, китобхонлик борасидаги танлов ва тадбирлардаги фаол иштирокига эътибор қаратди.
 
 
Натижаларга кўра, Навоий вилояти вакили Лобархон Жалолова ҳамда Фарғоналик Муаттархон Маматкаримова кўрик-танловнинг мутлақ ғолиби деб топилди. Қорақалпоғистонлик Азиза Атаниязова ҳамда Сурхондарё вилоятидан Гулжаҳон Эргашева 2-ўринни қўлга киритдилар. Одина Муҳаммадалиева билан бирга бухоролик Гавҳаршодбегим Носирова ҳам 3-ўринга муносиб кўрилди.
Ғолиб ва совриндорларга кўрик-танлов дипломи ва эсдалик совғаларини  Халқ таълими вазири ўринбосари Иброҳимжон Жўраев топширди.
Одина Маҳаммадалиева 2003 йилда Тўрақўрғон туманининг Шаҳанд қишлоғида туғилган. У мактабда аъло баҳоларга ўқиш билан бирга турли ижодий танловларнинг фаол иштирокчиси ҳам.
Яқинда “Vodiy Media” нашриётида Одина Маҳаммадалиеванинг илк китоби - “Уйдаги қуёш” номли ҳикоялари тўплами чоп этилганди.
 

Биз Twitterда