Намангандаги «Hyundai» заводи қурилишини жадаллаштириш бўйича қўшимча инвестицион шартнома имзоланди

 
Наманган вилоятида амалга оширилаётган йирик лойиҳа — “Hyundai” тижорат автомобиллари ишлаб чиқариш заводини қуриш жараёни жадаллаштирилади. Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ҳамда лойиҳада иштирок этаётган Жанубий Корея компаниялари раҳбарлари ўртасида 24 октябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган амалий учрашувда бу борада қўшимча инвестицион шартнома имзоланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Шартномага вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, “Hyundai Motor” компанияси тижорий автомобиллар бўлинмаси вице-президенти Лим Хён Юнг, “Hyundai Corporation” компанияси тижорий автомобиллар ва темир йўллар бўйича бош директори Пак Йонг Хван ҳамда “Evergreen Motors” компанияси вице-президенти Ким Ик Дон имзо чекдилар.
Имзоланган ҳужжатга кўра, “Наманган” эркин иқтисодий зонаси ҳудудидан жой оладиган “Hyundai” тижорат автомобиллари ишлаб чиқариш қўшма корхонасига лойиҳани амалга ошириш жараёнида ҳамда келгуси фаолиятида ЭИЗ иштирокчиларига берилган солиқлар ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар татбиқ этилади. 2019 йил якунига қадар лойиҳани амалга ошириш чора-тадбирлари бўйича Ўзбекистон Президентининг махсус қарори ҳам қабул қилинади.
Шартномада шунингдек, “Hyundai” тижорат автомобиллари ишлаб чиқариш заводидан илк маҳсулотнинг чиқиши 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга ошиши белгилаб олинди.
Наманган вилоятида “Hyundai” тижорат автомобиллари ишлаб чиқариш заводи қуриш лойиҳаси Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22-25 ноябрь кунлари Корея Республикасига амалга оширган давлат ташрифи доирасида эришилган келишувлар натижасида амалга оширилмоқда.
“Hyundai” тижорат автомобиллари ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш бўйича Жанубий Корея компаниялари вакиллари билан инвестицион шартнома 2018 йил 17 ноябрь куни Наманган вилояти ҳокимлигида имзоланганди. 
Ушбу завод қуриб битказилгач,  йилига 2500 та кичик юк машиналари, микроавтобуслар ҳамда автобуслар ишлаб чиқарилади. Завод тўла ишга тушганда, мингдан зиёд иш ўрни пайдо бўлади.

Биз Twitterда