Норин тумани прокуратураси фаолияти семинарда таҳлил қилинди

 
Наманган вилояти Норин тумани прокуратураси ташаббуси билан туманда “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва турмуш даражасини ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш” мавзусида семинар ташкил этилди.
Тадбирга Наманган вилоятидаги шаҳар ва туман прокурорлари ҳамда ОАВ вакиллари таклиф этилдилар.
Дастлаб меҳмонлар Тўда МФЙда жойлашган 25-умумтаълим мактабида туман прокуратураси ташаббуси билан ташкил этилган “Меҳнат ярмаркаси” билан танишдилар. Ярмаркада ҳудуддаги 64 та корхона, ташкилот ва фермер хўжаликлари ўзларидаги бўш иш ўринлари билан иштирок этдилар. Ярмаркада қатнашган бандлиги таъминланмаган 450 нафар фуқаролардан 228 таси ишга жойлаштирилди.
Шунингдек, иштирокчилар 25-умумтаълим мактаб биносида жойлашган Тўда маҳалла фуқаролар йиғини билан ҳам танишдилар. Туман прокуратураси томонидан “Тумандаги маҳаллий ҳокимият, бошқарув, ўзини-ўзи бошқариш ва нодавлат органлари ҳамда корхона, ташкилот ва муассасаларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби тўғрисида”ги ва “Маҳаллаларда ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ва аниқланган муаммоларни ҳал этиш бўйича, жамоатчилик назорати механизмининг тадбиқ этилишига кўмаклашувчи туман ишчи гуруҳининг фаолияти ҳақида”ги йўриқномалар тақдим этилган бўлиб, маҳаллаларда йўриқнома асосида ишлар ташкил этилган.
 
 
Меҳмонлар профилактика инспектори Музаффар Ибрагимов фаолияти ва хизмат хонасини кўздан кечириб, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича амалга оширилган ишлар билан танишдилар.
“Умумтаълим муассасаларида маънавий-маърифий ишларни такомиллаштириш юзасидан амалий қўлланма” негизида 25-умумтаълим мактабида ташкил этилган маънавият ва маърифат хонаси тадбир иштирокчиларининг эътиборида бўлди. Туман прокуратурасининг тавсиясига асосан, мактабларда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, ижтимоий муҳитни соғломлаштириш, паст ўзлаштирувчи, давомати қониқарсиз, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка мойиллиги бор ўқувчилар билан олиб бориладиган ишларнинг натижадорлигини юксалтириш мақсадида ташкил этилган “Ёш маънавият тарғиботчилари гуруҳи” фаолияти бўйича мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари М.Жалолованинг тақдимоти тингланди.
Ишни унумли ташкиллаштириш учун ҳудудда “Йўл харитаси” ишлаб чиқилган бўлиб, унда барча тегишли маҳалла фуқаролар йиғини паспортлари, статистик маълумотлар, комиссиялар фаолияти ҳақидаги ахборотлар йиғма жилдлари, ҳудуддаги таълим муассасалари паспортлари, уларда аниқланган муаммолар бўйича фотолавҳалар, ҳудудда тадбиркорлик, бандлик, таълим, соғлиқни сақлаш, коммунал, ободонлаштириш ва бошқа соҳаларга оид маълумотлар йиғмажилдлари шакллантирилган ва долзарб муаммолар, уларни бартараф қилиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган.
Маҳаллаларда жойлашган ҳар бир хонадонда истиқомат қилувчи фуқаролар билан туман прокуратураси раҳбарияти ва турли соҳа вакиллари иштирокида учрашувлар ўтказиб келинмоқда. Аҳолини қийнаб келаётган муаммолар аниқланиб, мурожаатлари ижобий ҳал этилмоқда.
Семинар иштирокчилари тумандаги Тўда маҳалла фуқаролар йиғинида уюшмаган аҳоли ўртасида теримчилар отрядлари шаклланиши ҳамда икки тарафлама шартномалар тузиш ҳолатини ўргандилар. Семинар чоғида фермер хўжаликлари раҳбарлари томонидан теримчилар учун яратилган шароитлар билан таништириб ўтилди.
Баҳромжон ЮЛДАШЕВ,
туман прокурори

Биз Twitterда