Комил Алламжонов истеъфога чиқди. Дилшод Саиджонов агентликка янги раҳбар этиб тайинланди

Президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Президент администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов бошчилигида кенгайтирилган мажлис бўлиб ўтди.
 
 
Мажлисда АОКА директори в.б. Комил Алламжонов ва директор ўринбосари Саида Мирзиёева келгуси меҳнат фаолиятларини нодавлат секторда давом эттириш режалари билан боғлиқ мурожаатларини Президент администрациясига киритишгани ва ушбу мурожаатлар Президент администрацияси томонидан кўриб чиқилиб, қондирилгани ҳақида эълон қилинди.
Тадбир доирасида Агентлик директори в.б. Комил Алламжонов ва директор ўринбосари Саида Мирзиёева ўз раҳбарлик фаолияти давомида амалга оширган ишлари ҳақида қисқа ҳисобот бериб, шунингдек, келажакдаги жамоатчилик йўналиши билан боғлиқ режалари борасида фикр билдиришди. 
Мажлис якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов Агентлик томонидан эришилган ютуқларни алоҳида таъкидлаб, Комил Алламжонов ва Саида Мирзиёеваларнинг республикамизнинг ОАВ соҳасида демократик ислоҳотларни амалга оширишда, журналист ва блогерларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда, давлат органлари раҳбарларининг масс-медиа билан ўзаро муносабатлари самарадорлигини оширишдаги шахсий ҳиссаларини юқори баҳолаб, Ўзбекистон давлати ривожланиши йўлидаги келгуси ишларига зафарлар тилади.
Саиджанов Дилшод Мадрахимович Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Биз Twitterда