Антальяда бўлиб ўтаётган Бош ассамблеяда Халқаро Қизил Хоч ва Қизил ярим ой жамиятлари федерациясига янги президент сайланди

Фото: vodiymedia.uz раҳбари Дилмурод Жумабоев Халқаро Қизил Хоч ва Қизил ярим ой жамиятлари федерациясининг
Европадан масъул вице-президенти Керем Киник билан
 
Туркиянинг Анталья шаҳрида Халқаро Қизил Хоч ва Қизил ярим ой жамиятлари федерацияси бош ассамблеяси бўлиб ўтмоқда. Ассамблея ишида 190 та аъзо федерацияга аъзо мамлакатдан 189 тасидан вакиллар иштирок этмоқда. (Фақатгина Бруней вакиллари йўқ) Республикамиздан бу нуфузли анжуманга вакил сифатида Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти раиси, профессор Ҳамид Каримов бошчилигидаги делегация қатнашмоқда.
11 ноябргача давом этадиган Бош Ассамблея, турли ташкилий масалаларни ҳам кўриб чиқмоқда.
Италиянинг Қизил Хоч жамияти раиси Франческо Рокка, Тадатеру Коноэ ўрнига Халқаро Қизил Хоч ва Қизил ярим ой жамиятлари федерациясининг янги президенти этиб сайланди. Тадатеру Коноэ бу вазифада 2009 йилдан бери фаолият кўрсатиб келаётганди.
Туркия Қизил ярим ой жамияти раиси Керем Киник, Федерациянинг Европадан масъул вице-президенти этиб сайланди.
Шунингдек, Хитой Қизил Хоч жамияти раиси Чэнь Чжуга Осиё-Тинч океани минтақасидан, Сенегал Қизил Хоч жамияти раиси Абдул Азиз Диаллога Африкадан, Венесуэла Қизил Хоч жамияти раиси Мигель Анхель Вильярроэль Сьерраалтага Америка минтақасидан масъул вице-президентлар сифатида иш олиб боришга ишонч билдирилди.

Биз Twitterда