Равшан Эрматов ҳакамлик фаолиятини якунлади

ОФК штаб-квартирасида ташкил этилган AFC Referees Memento Award маросимида ФИФА тоифасидаги арбитр Равшан Эрматов расман ҳакамлик фаолиятига якун ясагани эълон қилинди.
 
 
Маросимда Равшан Эрматов 17 мавсум давомида фаолият олиб боргани, беш мавсум Осиё Чемпионлар Лигасида, иккита Осиё кубогида, шунингдек, учта Жаҳон Чемпионатида ишлагани алоҳида эътироф этилди. 
“Ушбу мукофот - бутун фаолиятим давомида менга устозлик қилган инсонларнинг ютуғи. Уларнинг ва ОФКнинг ёрдамисиз менинг ҳозир бу ерда бўлишим имконсиз бўларди.
Оила аъзоларимга, ассистентлар, дўстларим ва осиёлик, ўзбекистонлик мухлисларга чексиз миннатдорчилигимни билдириб қоламан.
Мен Осиё футболи оиласининг аъзоси бўлганимдан ғурурланаман. Ёш ҳамкасбларига эстафета таёқчасини топшириш вақти келди. Ишончим комилки, улар ўз олдиларига юқори мақсадларни қўядилар ва бунга эришиш учун астойдил ҳаракат қиладилар”, деди Эрматов конференцияда.
 
x3rjby39xieoqcucucow.jpg
 
Ўз навбатида Равшан Эрматов билан 2010 ҳамда 2014 йилдаги Жаҳон Чемпионатларида бирга ишлаган қирғизистонлик ФИФА ҳаками Баҳодир Қўчқоров ҳам фаолиятини тугатган.
Шу йилнинг июль ойида ЎФАнинг навбатдан ташқари конференциясида Равшан Эрматов ЎФА биринчи вице-президенти этиб сайланди. Ўзбекистон футболини ривожлантириш унинг олдида турган анча жиддий ва масъулиятли вазифалардандир.
Маълумот ўрнида, Эрматов халқаро фаолиятини 2003 йили бошлаган. У учта Жаҳон Чемпионатида 11та ўйинни бошқарган ва бу борада рекордчи саналади, шунингдек, 5 бор Осиёнинг энг яхши ҳаками деб тан олинган. Равшан Эрматов 2015 йилда Globe Soccer Awards – "Йилнинг энг яхши ҳаками" номинациясига ҳам эга чиққан.

Биз Twitterда