Наманганда туғилган адибнинг асари Эронда "Йил романи" деб топилганди

 
Машҳур ҳамюртимиз, адиб, шоир, ёзувчи, драматург, таржимон Сотим Улуғзода ҳақида ҳамма ҳам етарли маълумотга эга эмас. У 1911 йил Наманган вилояти, Чуст тумани, Варзик қишлоғида оддий камбағал деҳқон оиласида дунёга келган. Отаси Умархон ёшлигида халқ орасида курашчи - паҳлавон бўлиб танилган, кейинчалик эса фақат деҳқончилик билан шуғулланган. Онаси эса оддий уй бекаси бўлса ҳам, саводли бўлиб, гоҳида шеърлар ҳам машқ қилиб турган. Аммо Улуғзода тўққиз ёшида онасидан, ўн ёшида эса отасидан жудо бўлган. Етимлик ва норасида укаси Мухтор ташвишлари бўлишига қарамай, ёзувчи дастлаб қишлоқдаги Мулло Зайниддин мактабида, кейинчалик Чуст шаҳрида ташкил этилган мактаб-интернатда савод чиқаради. 1927-1929 йилларда Тошкент шаҳрида ўқитувчилар тайёрлайдиган билимгоҳда таҳсилни давом этиради. Кейин бир мунча муддат ўқитувчилик билан шуғулланади. Айнан шу даврларда С. Айний, А. Фитрат, А. Лоҳутий каби замонанинг етук шоир ва ёзувчилари билан учрашиб, улардан ибрат олади.
С. Улуғзода ўтизинчи йилларда турли газеталарда фаолият олиб бориб, ўзининг туркум мақолалари билан танилди. Ҳатто 1934-1937 йилларда Тожикистон ёзувчилар уюшмасининг масъул котиби бўлди. Кейинчалик у тожик адабиётининг тарихи билан қизиқиб, тадқиқотчилик фаолиятини бошлайди. Ўзбекистон, Тожикистон ва Афғонистоннинг кўплаб вилоятларига сафарлар қилади.
1940 йилда Москвадаги Жаҳон адабиёти институтига аспирантурага қабул қилинади ва чуқур илмий изланишларни бошлайди. Аммо 1941 йил Иккинчи Жаҳон уруши бошлангандан кейин унинг илмий ишлари тўхтаб қолди ва Сотим Улуғзода ҳам бу урушга сафарбар қилинди. 1944 йилгача Ғарбий фронтда бир неча газеталарда фаолият олиб борди. 1944-1946 йиллар орасида Тожикистон ёзувчилар уюшмасининг раисидек масъулиятли лавозимда ишлади. 1946 йилдан умрининг охиригача фақат ижод билан шуғулланди.
Сотим Улуғзодадан жуда бой адабий ва илмий мерос қолган. Агар таржимон сифатида қарайдиган бўлсак ёзувчи, А. Н. Островкий, М. Горкий, Шекспир, Ч. Айтматов, В. Билл ва бошқа кўплаб жаҳон адабиёти намояндаларининг сара асарларини тожик тилига таржима қилган.
Ёзувчи Абу Абдулло Рўдакий, Дақиқий, Фирдавсий, Абу Али ибн Сино, Носир Хусрав, Аҳмад Дониш каби машҳур аломалар ижодини ўрганишга ўз ҳиссасини қўшиб, кўплаб илмий мақолалар ва рисолаларни чоп этиради. Айниқса, унинг “Машриқзамин файласуфларининг пири” рисоласи жуда катта илмий аҳамиятга эга бўлди.
Унинг “Ҳужум” (1944), “Биби” (1946), “Ҳимматли дўстлар” (1947), “Айний билан Бухорога саёҳат” (1950), “Денестр қаҳрамонлари, Висла ва Одер”(1967) каби ҳикоя ва очерклари машҳур бўлиб, Иккинчи Жаҳон уруши воқеалари ҳақида ҳикоя қилади. Айниқса “Ҳофизнинг ўлими” деб номланган ҳикояси жуда машҳурдир.
Сотим Улуғзоданинг дастлабки романи “Навобод” (1953) бўлиб, бу роман тожик адабиётида ўз ўрнига эга. “Восеъ”(1967), “Суғд ривояти” (1975), “Шоҳнома достонлари” (1976), “Фирдавсий” (1985) каби йирик насрий асарлари тарихий мавзуларга бағишланган. “Фирдавсий” романи Жамол Камол томонидан ўзбек тилига ҳам таржима қилинган бўлиб, бу роман ўзбек китобхонлари орасида ҳам қадрланади.
Ёзувчининг “Ёшлигимиз тонги” (1954) деб номланган асари билан жуда кўпчилик китобхонлар таниш. Бу асарда 1916-1926 йилларда Варзик ва унинг атрофидаги қишлоқлар, Чуст ҳамда Тошкент шаҳарларида ёзувчининг бошидан ўтган воқеа ва ҳодисалар ҳақида ҳикоя қилинган. Асар бошида у Варзик қишлоғининг ўша даврдаги ҳолати, у ерда кечган бахтли болалиги ҳақида ёзса, асарнинг кейинги қисмларида одамларнинг оғир турмуш тарзи, даврнинг оғир ижтимоий-иқтисодий ҳолати ҳақида сўзлайди. Бу асар ҳам ўзбек тилига таржима қилинган бўлиб, ўзбек китобхонлари орасида ҳам қўлма-қўл бўлиб кетди.
Сотим Улуғзода ҳам собиқ шўролар тазйиқидан бебаҳра қолмади. Бунга сабаб шу бўлдики унинг ўғли Азиз 1967 йил Ломоносов номидаги Москва Давлат университетини битириш арафасида расмий ташриф билан Ҳиндистонга боради ва Англия ҳукумати расмийлари билан алоқа ўрнатади. Бу воқеадан кейин ёзувчини партиядан ўчиришади, анча вақтгача унинг асарларини чоп этиш ман этилади.
Собиқ Иттифоқ тарқалгандан кейин ёзувчи қадрланди ва у Тожикистон халқ ёзувчиси унвони ҳамда Рўдакий номидаги давлат мукофотига сазовор бўлди. Ёзувчининг йирик насрий асарлари бир қанча тилларга таржима қилинган ва қардош эллар ҳам унга юксак баҳо берган. Масалан, унинг “Фирдавсий” романи 1997 йил Эронда “Йил романи” номинацияси бўйича биринчи ўринни эгаллаган ва Эрон ҳукумати ёзувчига ўша даврдаги 4000 АҚШ доллари миқдорига тенг маблағ берган. Ўзбек китобхонлари ҳам, юқорида таъкидлаганимиздек, унинг бир қанча йирик асарларидан хабардор.
Тожикистондаги фуқаролик урушлари сабабли, ёзувчи 1992 йилдан умрининг охиригача Москвада яшайди. 1997 йил 25 июнь куни шу шаҳарда оламдан ўтади. Унинг қабри ҳозирда Душанбе шаҳридаги Лучов мозорида. Тожикистонда бир қанча мактаб ва кўчаларга унинг номи қўйилган. Бугунги кунда Тожикистон Тиллар Университети ҳам унинг номидадир.
 Отабек Имомов,
НамДУ катта ўқитувчиси

Биз Twitterда