Намангандаги таълим муассасасида тажриба тариқасида аутсорсинг тизими жорий этилди

Наманган шаҳридаги 3-давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатида “Муассасада соғлом овқатлантиришни аутсорсинг усулида ташкил этиш” мавзусида семинар ўтказилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
 
 
Республикамизда давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари ўртасида биринчилардан бўлиб мазкур таълим муассасасида тажриба тариқасида ўқувчиларнинг аутсорсинг усулида соғлом овқатлантирилиши йўлга қўйилди.
 
 
Вилоятдаги барча 20 та давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари, 8 та махсус мактаб-интернат директорлари ва хўжалик ишлари бўйича масъуллар қатнашган семинарда аутсорсингни амалга ошираётган тадбиркорлик субъекти томонидан муассаса ошхонасининг жиҳозланиши, тайёр маҳсулот ва таомлар, озиқ-овқат маҳсулотларини омборда сақлаш бўйича намунавий кўргазма ташкил этилди.
 
 
Ошхона бир пайтнинг ўзидаёқ 370 нафар ўқувчини соғлом овқатлантириш қувватига эга бўлди. Тайёрланган овқатлар сифатли, тайёрлаш жараёни гигиена талабларига жавоб беради. Таом сифатини назорат қилиш учун диетолог ва технологлар ажратилган.
 
 
Тажриба тариқасидаги аутсорсинг усулида соғлом овқатлантиришни йўлга қўйиш бўйича таълим муассасасининг келгусидаги фаолиятига қараб вилоятдаги барча давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернат ва махсус мактаб-интернатларида босқичма-босқич шундай аутсорсинг усулини жорий этиш режалаштирилди.

Биз Twitterда