Свердловскнинг Сысерть шаҳрида Наманган Савдо уйи очилади

Россия Федерацияси Свердловск вилояти губернатори Евгений Куйвашев бошчилигидаги делегациянинг кеча якунланган Наманган вилоятига ташрифи Уйчи тумани учун ҳам сермаҳсул бўлди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
 
 
Свердловск вилояти Сысерть шаҳри мэри Дмитрий Нисковских 25-26 ноябрь кунлари Уйчига ташриф буюрди ҳамда бир қатор иқтисодий ва ижтимоий объектлар билан танишди.
Урал вакиллари “Асадбек дизайн групп” корхонасида ишлаб чиқарилаётган мебель маҳсулотларига юқори баҳо беришди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, айниқса, иссиқхоналарда етиштирилаётган помидор, бодринг ва кўкатлар, қишки қовун ва тарвузлар, сархил мевалар россиялик меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Дмитрий Нисковских “Обод марказ” дастури доирасида Уйчи шаҳарчасида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди. Янги таъмирдан чиққан туман маданият маркази ва унда фаолият кўрсатаётган турли тўгаракларнинг самарали ишлаши учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.
Учрашувлар якунида Уйчи тумани ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов ҳамда Сысерть шаҳри мэри Дмитрий Нисковских икки ҳудуд ўртасида доимий иқтисодий-ижтимоий, маданий ҳамкорликни йўлга қўйишга асос солувчи Ҳамкорлик битимига имзо чекдилар.
Битимга асосан, Сысерть шаҳрида Наманган маҳсулотлари Савдо уйи, миллий чойхона ва бозор комплекси қуриш ҳамда вилоятимизда етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, миллий ҳунармандчилик маҳсулотларини экспорт қилишга, икки томонлама туризм ва тиббий хизматларни ривожлантириб боришга келишиб олинди.
Свердловск ҳамда Наманган вилояти ишбилармон доиралари ўртасида ўтказилган форум доирасида Наманган шаҳрида жойлашган “Паҳлавон” спорт мажмуидаги вилоятда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмасида Уйчи туманидан “Нафис чарм” МЧЖ тери маҳсулотлари ҳамда “Машад тикув текс” МЧЖ эркаклар қишки кийимлари билан иштирок этишди.
Икки вилоят ишбилармон доиралари иштирокида бўлиб ўтган B2B музокараларда Уйчи туманидан қатнашган тадбиркорлар ҳам Свердловск вилояти бизнес субъектлари билан ҳамкорлик бўйича бир қатор инвестицион ва экспорт келишувларига эришишди.
Жумладан, туманда фаолият юритаётган “Идеал соф саноат” ХК билан ООО “Торговая сеть” компанияси ўртасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича экспорт келишуви, Уйчидаги “Коробо” МЧЖ билан ООО “UZURALIMPEX” компанияси ўртасида инвестицион келишув имзоланди.

Биз Twitterда