Сиз қотилсиз? "Сардоба"даги ўлимга тез ёрдам эмас юракка, ўпкага санчилган пичоқ сабаб

Ижтимоий тармоқда Наманган шаҳридаги  “Сардоба” бозори яқинида пичоқланган аёлнинг ўлимига кечикиб борган тез тиббий ёрдам бригадаси сабабчи эканлиги иддао қилинди.
 
 
“40 минутда ҳам келмади”, “Йўлда бетон бор”. Бошқа ва бошқа сабабларни ўқидик. Асли вазият ундай эмаслиги видео-фактларда исботланди.
Ҳурматли, ўқувчилар!  Барчамизни айбни осонгина ваколатли органга тўнкашга жуда устамиз. Хўп, ўша қотил эр, хотинини бозорда маст ҳолатда қувлаб юрганда, биз қаерга қарадик. Бозорда одам кам бўлмаган. Видео тасвирга олганлар ҳам бир нечта бўлган.
Бирор мард эркак топилмаганми, ожизани шаҳарни ўртасида қувлаб юрган зўравонни қўлини қайиргани. Хуллас ҳамма айб ўзимизда. Лоқайдликда, “Сен менга тегма, мен сенга тегмай”, қабилида иш тутишимиздадир. Сиз ва биз қотилмиз, бефарқликни ўзимизга касб қилган ҳолда.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали маъмурияти томонидан ушбу ҳолат бўйича ўтказилган текширувда тарқатилган хабар ҳақиқатга зид эканлиги  маълум бўлди.
Биринчидан, чақирув  кундузи эмас, оқшомга яқин, яъни соат 19.08 да станция диспетчери томонидан қабул қилинган. Иккинчидан, тез тиббий ёрдам бригадаси зудлик билан йўлга чиққан ва манзилга соат 19 дан 17 минут ўтганда етиб борган.
Буни автомашина ҳаракатланган кўчалардаги муассасалар биноларига ўрнатилган 4 та видеокузатув камераси тасвирларидаги вақт кўрсаткичлари ҳам тасдиқлайди. Яъни, тез тиббий ёрдам машинаси ҳаракати “Технопарк” олдидаги гилам дўкони видокузатув камерасида соат 19.13 да акс этган. Алишер Навоий кўчасидаги “Редиодеталь” дўкони видеокамерасида 19.15 да кўринган, “Сардоба” бозори ҳудудидаги видеокамераларда эса 19.16 ва 19.17 вақтлари қайд этилган.
Қисқаси, тез тиббий ёрдам бригадаси йўллар тирбандлигига қарамай атиги 10 дақиқада чақирув манзилида   бўлган.
Пичоқланган аёлнинг ҳаётдан бевақт кўз юмуши эса ўз вақтида кўрсатилмаган тиббий хизмат туфайли эмас, кўкрак қафасига кириб борувчи санчилган-кесилган жароҳат, ўнг ўпка пастки бўлаги орқа юзаси санчилган-кесилган жароҳат, юрак халтаси ва ўнг бўлмачасининг санчилган-кесилган жароҳати сабаб бўлган.
Натижада ўткир ташқи ва ички қон кетган, юрак ва ҳаво етишмовчилиги юз берган. Бундай ҳолатдаги ўлим бир неча секундда, пичоқ олинмаган тақдир бир неча дақиқада юз бериши фанда исботланган.
Бефарқ бўлмайлик, азизлар!
Анвар Икром
 
p.s Ижтимоий тармоқларда Наманган шаҳридаги «Сардоба» бозорида пичоқ билан жароҳатланган аёлнинг жасади туширилган видео тарқалди. Наманган вилояти ИИБ матбуот хизматининг хабарига кўра, аёлни бир муддат шаръий никоҳда яшаган собиқ турмуш ўртоғи пичоқлаган.
18 июнь куни соат 13:00да 40 ёшли С.О. ва унинг собиқ эри 41 ёшли А.И. ўртасида жанжал келиб чиққан. А.И. аёлга яна бирга яшашни таклиф қилган ва рад жавобини олган.
Шу куни соат 19:00да А.И. маст ҳолда С.О. сотувчи бўлиб ишлаган «Сардоба» бозоридаги «Матбуот дўкони»га келган ва жанжал оқибатида пичоқ билан аёлнинг орқа ўнг кўкрагига урган. Натижада С.О. воқеа жойида вафот этган. 
Мазкур ҳолат бўйича Наманган шаҳар прокуратураси томонидан ЎзР ЖКнинг 97-моддаси, 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, А.И. ЖПКнинг 221-моддасига асосан ушланган.

Биз Twitterда