"Депутатлар минбари"ми ёки "фитначилар уяси"???

 
Таниқли блогер Aqida Hanum ўзининг Фейсбук саҳифасида Шоҳимардонга саёҳати давомида маҳаллий аҳоли вакили билан суҳбат видеосини жойлаб, Фарғонадан Шоҳимардонгача бўлган йўлнинг Қирғизистондан ўтган бўлагида коррупция ҳолатлари учраётганини, буларни Қирғизистон ҳукумати билан ҳал этилиши лозимлигига эътибор қаратади. Блогер нуқтаи назари жуда ҳаққоний ва аниқ муаммо ўртага ташланган.
 
Худди шу видеони Фейсбук тармоғидаги “Депутатлар минбари” деб номланган гуруҳда “Шухрат Ғаниев бўлганда бизни бунчалик хор қилиб қўймасдила...” деб номланган ҳолда эълон қилишибди. Видеода ўзининг фикрларини баён қилган опахоннинг субъектив қарашларини ифода қилган бу сарлавҳа фитна қўзғаб, аввалги ва ҳозирги вилоят ҳокимлари шахсини бир бирига тўқнаштириб ғаламислик бошлашдан бошқа нарса эмас.
 
Видеода мурожаат қилган фуқаро, ўзи ҳам шу ҳудудда яшагани сабаб, Хайрулло Бозоров вилоят раҳбари бўлиб келгандан буён, ҳудди аввалги вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев даврида бўлгани каби, Қирғизистонда анклав бўлиб қолган Шохимардон ва Ёрдон қишлоқлари аҳолисига муттасил турли кўринишдаги ёрдам бериб келинаётганига шахсан гувоҳ экани ҳақиқатдир.
 
Ўтган 2020 йил 17 ноябрда вилоят ҳокимининг шахсий кўрсатмаси асосида Шоҳимардон ва Ёрдон қишлоғида истиқомат қиладиган 1178 та хонадонга 1178 қоп ун, 5890 литр ўсимлик ёғи, жорий йил 21 февраль куни 1982 та оилага 1982 қоп ун, 9910 литр ўсимлик ёғи, 39640 кг сабзи, 59460 кг пиёз, 19820 кг гурунч, 3964 кг гречка, 1000 дона қуйилтирилган сут, 161 кг асалдан иборат озиқ-овқат махсулотлари тарқатилди.
 
 
 
Бундан ташқари, ўтган 10 ой давомида “Темир дафтар”га киритилган 169 нафар фуқарога жами 50 млн 683 минг сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. “Ёшлар дафтарига”га киритилган 22 нафар ёшларга жами 45 млн 600 минг сўмлик зарурий жиҳозлар тарқатилди.
 
Видеомурожаатга келадиган бўлсак, фуқаро томонидан кўтарилган асосий масала, Қирғизистон ички ишлар ҳамда божхона идоралари вакиллари томонидан учраётган кичик коррупция ҳолатлари бўйича вазиятни тўғридан тўғри назоратга олиш Ўзбекистон ҳукуматининг ёки вилоят ҳокимлигининг бевосита ваколат доирасига кирмайди. Бироқ аҳолидан келиб тушаётган муаммолардан келиб чиқиб, ташқи ишлар вазирлиги канали билан ҳукуматлараро даражада, шунингдек Боткен вилояти раҳбарияти билан тўғридан тўғри мулоқотлар орқали бу ҳолатларга тўла барҳам берилишига эришиш борасида иш олиб борилмоқда ва яқин даврда бу борада ижобий натижа бўлишидан умидвормиз.
 
Жорий йил июнь ойида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров қўшни Боткен вилояти губернатори Абдукарим Алимбоев билан бирга Шоҳимардонга ташриф буюриб, ушбу ҳудудга элтувчи йўлни туризм учун очиб келишди. Шоҳимардондан Қурбон кўлига элтувчи осма дор йўли қайта ишга тушди.
 
Ушбу қишлоқни ўзбек-қирғиз қўшма туризмининг янги манзилига айлантириш учун катта ишлар бошланмоқда. Маҳаллий аҳоли вакиллари билан учрашув чоғида вилоят ҳокими маълум қилганидек, Шоҳимардонга микроавтобуслар қатнови йўлга қўйилиши белгилаб қўйилди, қишлоқ марказидаги истироҳат боғи таъмирланадиган бўлди, тунги чироқлар ўрнатилиб, кўчалар асфальт қилиниши режага киритилди.
 
 
Буларнинг баридан мақсад, Шоҳимардон аҳолисининг ҳаёт даражасини кўтариш, фаровонлигини ортириш, ҳудудда тадбиркорлик учун имкониятлар шакллантириш, шоҳимардонликларнинг Фарғона вилоятининг бошқа ҳудудларига келиб кетишларини қулайлаштиришдан иборат.
 
Видеода бир ўзининг даромади 3-4 миллион эканини, меҳнатга лаёқатли ўғли ҳам борлигинини қайд этган фуқаронинг кўпроқ моддий ёрдам тарқатишини сўраб, бу борада вилоят ҳокимининг етарли эътибори бўлмаётганини таъкидлашига баҳо беришни, очиғи бир ойда шунча пул топиб баракали рўзғор тебраётган мамлакатимизнинг миллионлаб аҳолисига ҳавола этган бўлардик.
Дилмурод Жумабоев

Биз Twitterда