Собиқ ўзбекистонлик курашчи – Токио-2020да АҚШнинг энг катта умиди

 
Айни пайтда АҚШ шарафини ҳимоя қилаётган собиқ ўзбекистонлик юнон-рум курашчиси Илдар Ҳафизов Токиода бўлиб ўтадиган ёзги Олимпиада ўйинларида Америка терма жамоасининг энг катта умиди деб қаралмоқда.
1988 йилда Тошкентда туғилган Илдар Ҳафизов Ўзбекистон терма жамоаси сафида 2007 йилги Осиё чемпионатида бронза, 2011 йилги қитъа биринчилигида эса кумуш медални қўлга киритган. 2008 йилги ёзги Олимпиада ўйинларида 5-ўринни эгаллаган.
2013 йилда турмуш ўртоғининг Грин-карта ютиб олиши натижасида, Ҳафизовлар оиласи 2014 йилда Америкага, Колорадо штатига кўчиб кетишган.
2015 йилдан бошлаб АҚШда яна кураш билан профессионал даражада шуғулланишга бошлаган Илдар, ўз вазнида АҚШ чемпиони бўлган.
2008 йили Пекинда бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларида Адам Уилер 96 кг гача бўлган вазнда қўлга киритган бронза медалидан сўнг юнон-рум курашида Олимпиада медаллари орзу бўлиб келаётган АҚШ терма жамоаси, Илдар Ҳафизов бу йилги ўйинларда медаллардан бирини қўлга киритишига умид боғламоқда.
Ҳафизов Токио-2020 ўйинларида 60 кг вазнда гиламга чиқади.
© vodiymedia

Биз Twitterда