27 ёшли америкалик Кассандра Де Пеколь дунёнинг барча мамлакатларига рекорд даражада қисқа муддат ичида саёҳат уюштирди, деб хабар бермоқда Seeker.com нашри.
2015 йилнинг июлида бошланган саёҳат 18 ойу 26 кун давом этди. Бу муддат оралиғида у 195 давлатда бўлди. Бу натижа орқали Кассандра икки жаҳон рекордини янгилади. Де Пеколь дунё тарихида барча мамлакатларни айланиб чиққан биринчи аёл сайёҳ мақомига эга бўлди. Бундан ташқари бу вазифани қисқа муддат ичида уддалаш бўйича ҳам рекордчига айланди. Бу борадаги аввалги рекорд америкалик профессор Или Люга тегишли бўлиб, у саёҳат учун уч йил олти кун сарфлаганди.
Де Пеколь ёшлигидан дунё бўйлаб саёҳатга чиқишни орзу қиларди. Турли маданиятлар ва динлар билан танишишни ўз олдига мақсад қўйганди. Бунинг учун 200 минг доллардан ошиқроқ маблағ сарфлади. Уни молиявий тарафдан танишлари таъминладилар. Кассандра ҳомийларининг барини саёҳат давомида топди.