Россияга давлат ташрифи санаси аниқ: Шавкат Мирзиёев 5 апрель куни Москвада бўлади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 5 апрель куни давлат ташрифи билан Москвада бўлади. Бу ҳақда Россиянинг «Коммерсантъ» нашри хабар бермоқда.
 
 
Ташриф давомида ўзаро ҳамкорликнинг турли йўналишларида катта ҳажмдаги ҳужжатлар пакетини имзолашни режалаштирилган. Бу ҳақда Россия бош вазири Дмитрий Медведов Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов билан Москвадаги учрашуви чоғида маълум қилинган. Ҳар икки давлат ҳукумат раҳбарлари 28 март куни учрашдилар.
Бунга қадар, 27 март куни Москвада Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари  Григорий Карасин ўзбек ҳамкасби Саидикром Ниёзхўжаев билан Шавкат Мирзиёевнинг Россияга ташрифини муҳокама қилишганди.
Ҳозирга қадар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов раҳбарлигидаги делегация Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазири Вероника Скворцова билан, Ўзбекистон Меҳнат вазири Азиз Абдуҳакимов эса  Россия Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазири Максим Топилин билан учрашиб, музокаралар ўтказишди.  
Москвадаги Ўзбекистон элчихонаси ташрифга тайёргарлик кўрилаётганини тасдиқлаган, бироқ аниқ санани маълум қилмаган.
Қайд этиш керакки, бу Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон президенти сифатида Россияга илк ташрифи бўлади. Нашр Шавкат Мирзиёевни Москвадаги Пушкин номидаги музейда «Нукус хазинаси. Савицкий номидаги Қорақалпоғистон санъат музейи тўпламларидан намуналар» кўргазмаси очилишида қатнашиши кўзда тутилгани ҳақида ҳам хабар бермоқда.
Ташриф давомида савдо-иқтисодий ҳамкорлик, ҳарбий-техникавий алоқалар, шунингдек, маданият ва туризм соҳасидаги муносабатлар муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Биз Twitterда