Япониянинг "Ванфоре Кофу" футбол клуби президенти Наманганга ташриф буюрди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Японияга биринчи расмий ташрифи арафасида Токиода бўлиб ўтган Ўзбекистон-Япония Бизнес Форуми доирасида ўтказилган музокаралар натижасида Наманган вилояти ҳокимлиги ҳамда Япониянинг Яманаши префектураси таниқли футбол клуби – “Ванфоре Кофу” ўртасида ҳамкорлик алоқаси ўрнатилиб, англашув меморандуми имзоланган эди. 
Унга кўра, Япония J2 League футбол дивизиони етакчи жамоаларидан бири бўлган ҳамда бой ўтмиши билан ажратиб турувчи “Ванфоре Кофу” ҳамда Наманган футболи ўртасида доимий ҳамкорлик ўрнатилиши, япон клубининг  яқин давр ичида  Наманганда ўз футбол мактабини очиши, наманганлик мураббийлар учун япон мутахассислари иштирокида ўқув семинарлари, мастер-класслар ташкил этилиши кўзда тутилганди. 
 
 
23 январь куни Наманган вилояти ҳокимлигида “Ванфоре Кофу” клуби президенти Сатори Сакума билан учрашув бўлиб ўтди. Унда Наманган вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Аюбхон Камалов, вилоят ҳокимининг ўринбосари Окибжон Инамов, Наманган шаҳар ҳокими ва “Навбаҳор” клуби президенти Шавкатжон Абдураззоқовлар иштирок этишди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
 
 
Учрашувда 2019 йилнинг декабрь ойида имзоланган меморандум доирасида амалга ошириладиган ишлар муҳокама қилинди. 
“Ванфоре Кофу” клуби президенти ташрифи тўрт кунга мўлжалланган бўлиб, дастур доирасида Сатори Сакума “Навбаҳор” футбол клуби фаолияти билан танишади. Ёшлар ва ўсмирлар клублари ўртасидаги ўртоқлик ўйинларини кузатади. Шунингдек, Наманган давлат университети ва Наманган муҳандислик-қурилиш институтида талабалар билан учрашади. 
“Ванфоре Кофу” клубининг Наманган футболи билан ҳамкорлиги, клубнинг ҳомийлари ҳисобланган “Suzuki”, “Citizen”, “NNS”, “Pioneer”, “Daihatsu” каби Япониянинг ўнлаб таниқли йирик компанияларининг Наманган вилоятига бўлган қизиқишини шакллантиришга асос бўлди.
 

Биз Twitterда