Дадахон Ёқубов: КЎРИНМАС ОДАМ

 
КЎРИНМАС ОДАМ
 
Нималарни ўйлаб топмас одамлар,
Кашфиётлар ортидан яна кашфиёт.
Даҳолар тентакдек, телба олимлар,
Кашшофлар ўз жонин этмас эҳтиёт.
 
Баъзилар оламни микронга жойлар,
Ёруғликни кимдир қувиб етади.
Ўлмаслик йўлини излайди бойлар,
Авом халқ жимгина ишга кетади.
 
Алхимиклар энди руҳни парчалар,
Генетиклар тошга ато этар жон.
Фалак гардишида қора дарчалар,
Қўрқувдан оммани босар ҳаяжон.
 
Хорижлик бир олим буғдой донига,
Леонардо до Винчи расмин солган,
Очофат товуқнинг жиғилдонига,
Бир умр қилинган заҳмат йўл олган.
 
Нималарни ўйлаб топмас одамлар,
Энди компьютерлар узук кўзида.
Эртак ҳам қолмади ҳозирги дамлар,
Рақамлар ўйнайди шоир сўзида.
 
Кунлардан бир кун Алижон дўстим,
Кўзларга кўринмас матони олди.
Ўтказиб тажрибадан илон пўстин,
Негадир ўзи ҳам кўринмай қолди.
 
Овозаси чиқди денгиз ортидан,
Сеҳрли диёрда эмиш зўр олим.
Кўринмас матога борлиқни ўраб,
Ақлимни  лол этиб, олди ҳаёлим.
 
Болаликда уни олмасдим топа,
Ўйнардик иккимиз "кўринмас одам".
“Сеҳирли қалпоқча” ва “Қора шляпа”,
Бизни таъқиб этар эди ҳар қадам.
 
Эртакдан чиқибди ”Кўринмас одам,”
Ҳолингга вой, эссиз,”Бошсиз чавандоз”.
Кўринмас матодан ниқоблар ҳамдам,
Буюкдир кашфиёт, йўқдир эътироз.
 
Ниқоб тирқичида кўз, бурун, оғиз,
Фақат кўринмасмиш тана билан юз.
Шайтонни пойлармиш, шарпа изма-из,
Кийиб олмасмикан қай маккор-ёвуз.
 
Нималарни ўйлаб топмас одамлар,
Атом-сатомлари солмоқда даҳшат.
Қанийди Алижон ипак қуртидек,
Бир мато яратса айтардим раҳмат.
 
Бу мато гуллардек ранго ранг бўлса,
Эзгуликни авайлаб этса тараҳҳум.
Эртакларга қайтиб кўринмас одам,
Ҳаётни аллалаб,этса такаллум.
 
ХОТИРА МУҚАДДАС, ХОТИРА ИБРАТ
           
Ҳар йил баҳорда
Она табиат,
Гулларга кўмганда
Ёруғ оламни.
Атрофга боқаман,
Топарман ибрат.
Ўйга солар у,
Ҳар бир одамни.
Ҳаётга муҳаббат,
Токи охират.
Хотира муқаддас,
Хотира ибрат.
 
Аждодлар риштаси,
Хотира азиз.
Бу обод гўшалар
Улардан  мерос.
Ҳаётнинг ҳар дами
Қанчалар лазиз.
Қанчалар ғанимат,
Айтсак арзир роз.
Эй инсон, эзгулик
Нурингни тарат!
Хотира муқаддас,
Хотира ибрат.
 
Дунёда неки бор
Бўлғуси тупроқ.
Аммо икки нарса
Мангудир ҳамон.
Марднинг жасорати,
Дононинг сўзи,
Достонларда яшар
Жуда кўп замон.
Мангу яшайверар,
Мардлик, жасорат.
Хотира муқаддас,
Хотира ибрат.
                               
Ҳар баҳор бош эгиб
Турар мажнунтол.
Мотамсаро она
Бошини силаб.
Сочини ювади
Кўз ёши билан,
Авлодларга узоқ
Умрлар тилаб.
Аскар онасини,
Қилинг зиёрат.
Хотира муқаддас,
Хотира ибрат.
 
Бобом дер излаб топ,
Боғлардан изим.
Борлигимни ҳис этиб
Яшагин қўзим,
Сен кулсанг, куларман,
Йиғласанг маъюс,
Тунда эртак айтар
Менинг юлдузим.
Фақат сен улғайиб,
Қилавер ғайрат.
Хотира муқаддас,
Хотира ибрат.
 
Отадек улуғдир
Устоз деган зот.
Нина билан қудуқ
Ковлаган мироб.
Бир умр ўрганмоқ
Кам экан ҳайҳот,
Устозлар билимин
Сандуғи китоб.
Ватан шони шундан,
Юртдаги шуҳрат.
Хотира муқаддас,
Хотира ибрат.
 
Оламда бор экан
Ўзбегим юрти.
Ҳар тоши, ҳар гиёҳ
Азиз, муқаддас.
Инсон хотираси,
Ўчмагай оти,
Яралур ҳар созда
Тинчлик деган сас.
Ватан, баҳор,
Ёшлик ва ҳайрат,
Хотира муқаддас,
Хотира ибрат.
 
Ҳар йил баҳорда
Она табиат,
Гулларга кўмганда
Ёруғ оламни.
Атрофга боқаман,
Топурман ибрат.
Ўйга солар у,
Ҳар бир одамни.
Ҳаётга муҳаббат,
Токи охират.
Хотира муқаддас,
Хотира ибрат.
 
 
ОТА–ОНАМ ТИРИК ЧОҒИДА...
 
Подшоҳ эдим, айтганим-айтган,
Қулоч ёзсам осмонга етган,
Истагимни муҳайё этган,
Ота–онам тирик чоғида...
 
Эзгу ният эккан дилимга,
Бор-йўғини тутган қўлимга,
Доим кўзин тиккан йўлимга,
Ота–онам тирик чоғида...
 
Дуолари бўлиб ижобат,
Ҳар балодан этган  ҳимоят,
Кам қилмаган хеч кимдан, албат,
Ота–онам тирик чоғида...
 
Опа–синглим бошини силаб,
Ака–укам, менга бахт тилаб,
Авайларди бизни  эркалаб,
Ота–онам тирик чоғида...
 
Зурриёдлар боғлаган ришта,
Умри борим этган саришта,
Ҳамроҳ эди икки паришта,
Ота–онам тирик чоғида...
 
Энг бахтиёр онларинг қачон,
Деб сўрсалар,  жавобим аён,
Қайта-қайта этурман баён,
Ота–онам тирик чоғида...
 

Биз Twitterда