Ватан, халқ, оила, қавму қариндош олдидаги масъулият

Ўзбекистонда ёшларни соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш, ёшларнинг ўз ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариши, уларни ҳар томонлама ривожланган шахслар этиб вояга етказиш учун зарур шарт-шароитлар ва имкониятларни яратилган. Узоқни кўзлаган ҳолда қабул қилинган кадрлар тайёрлаш, мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий дастурлари, ёшларга оид давлат сиёсати, ўғил-қизларимиз учун турли йўналишлар бўйича таъсис этилган давлат мукофотлари, бунёд этилган таълим масканлари, болалар спортини ривожлантириш борасидаги ишлар. Буларнинг ҳаммаси баркамол авлодни, демакки, эртанги кунимизнинг муносиб давомчиларини, юрт келажаги жонкуярларини тарбиялашга қаратилган тадбирлар сирасига киради.  
 
 
Қувонарлиси, юқоридаги эзгу ғоя, мақсадларни амалга ошириш – ёшларни она Ватанга садоқат ва меҳр-муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат ва эҳтиром, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ўғил-қизларимизнинг орзу-истакларини рўёбга чиқариш йўлидаги интилишларини бугун барча жабҳаларда ҳар бир соҳада кўришимиз мумкин. Аслида, ёшларнинг мустақил дунёқараш ва фаол ҳаётий позитсияга эга бўлишлари учун ҳар биримиз масъулмиз. Улардаги маънавий ва ахлоқий фазилатларни тарбиялаш, ватанпарварлик, мамлакат тақдири учун масъулият ҳисси билан яшаш, юртимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш туйғусини янада кучайтиришга, ўғил-қизларимизни ҳар томонлама билимдон қилишга муваффақ бўла олсаккина марра бизники. Ватанимизнинг салоҳияти, маънавий-маърифий, ижтимоий-иқтисодий имкониятлари нечоғли улкан эканлиги, юртимизнинг қадимий ва бой тарихи, улуғ аждодларимиз ва улар қолдирган маданий мерос башарият маданияти ва ривожига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида ёшларни онгига сингдириб бориш зарур. Биз халқимизнинг дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаслиги, фарзандларимизнинг биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлиб яшаши учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этаётган эканмиз, бу борада маънавий тарбия масаласи, ҳеч шубҳасиз, беқиёс аҳамият касб этади. Агар биз бу масалада ҳушёрлик ва сезгирлигимизни, қатъият ва масъулиятимизни йўқотсак, бу ўта муҳим ишни ўз ҳолига, ўзибўларчиликка ташлаб қўядиган бўлсак, муқаддас қадриятларимизга йўғрилган ва улардан озиқланган маънавиятимиздан, тарихий хотирамиздан айрилиб, охир-оқибатда ўзимиз интилган умумбашарий тараққиёт йўлидан четга чиқиб қолишимиз мумкин”, деб алоҳида таъкидланган “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарда.
Тарихга назар соладиган бўлсак, бундан 800 йил муқаддам Жалолиддиндек паҳлавон ўғилни дунёга келтирган Ойчечак она фарзандлари қонига кўкрак сути билан бирга юртининг нафасини, меҳр-муҳаббатини, озодликка бўлган буюк соғинчини ҳам сингдира олди. У ўз аллалари билан ўғил-қизини Ватанга фидокорлик, халққа муҳаббат руҳида тарбиялади. Жалолиддиннинг фожиавий тугалланган умри тарих саҳифаларида жасоратнинг мислсиз тимсоли сифатида муҳрланиб қолди. У форслардан Исфандиёр Хазар ўлкасида асирга тушган синглисини қутқариш учун бориб, ўзи ҳам асирга тушди. Зиндонда ундан “Нима хоҳлайсан?” деб сўралди. У эса “Ватанимнинг бир сиқим тупроғи ва бир қултум суви”, деди. Ҳа, ҳар бир инсон қалбида туғилган жойига нисбатан муҳаббат бўлиши даркор. Бир файласуфдан сўрадилар: “Яшаш қийин бўлган бу чўлу биёбонга қандай сабр қиласизлар?” У жавоб берди: “Агар инсоннинг туғилган жойига муҳаббати бўлмаганида эди фаровон шаҳарларга одамлар сиғмас эди”. Жонажон Ватанимизнинг шонли тарихи саҳифаларини варақласак, аждодларимизни нечоғлик ватанпарварликларига гувоҳ бўламиз. Улуғ тариқат пешвоси Нажмиддин Кубро юртимиз тарихида буюк ватанпарварлик намунасини кўрсатди. Ватан муҳаббати ила бўлган истакларидан бошқа истакларга қулоқ солмади.
Ватанпарвар фарзандларнинг жасорати, матонати эса доимо тилларда достон бўлиб, уларнинг сиймоси абадийдир. Элнинг фаровонлиги, аҳволи бевосита у яшайдиган маконда ҳукм сураётган тинчлик, осойишталик, умуман, барқарор ривожланишига боғлиқдир.. Кимда ким элининг ҳолидан хабардор бўлса, мамлакатининг ҳолидан ҳам хабардор бўлади. Бу ҳикматларнинг қачон пайдо бўлганлиги ва қайси тарихий даврга мансублигидан қатъий назар, уларнинг Ватан тақдирини ўйлайдиган шахсларга қаратилганлиги аниқдир. Кези келганда “Ватан учун ўлмоқ ҳам шараф”, “Ватани борнинг бахти бор” ва “Ватанинг тинч – сен тинч” сингари мақоллар ҳам Ватанни севиш, уни эъзозлашга қаратилганлигини айтиб ўтиш жоиз.
Ватанпарварлик – бу Ватан, халқ, оила, қавму қариндош олдидаги масъулият, миллат манфаати билан яшаш, ўз халқининг тарихини яхши билиш ва ундан ғурурланиш, буюк аждодлар томонидан яратилган моддий ва маънавий меросни кўз қорачиғидек асраб, келгуси авлодларга етказиш, аждодлар урф-одат, расм-русум ва удумларини, меросини ўрганиб, унинг қадриятга айланган қисмини давом эттириш, давлатимиз келажаги, истиқлолнинг барқарорлиги, келажакнинг буюклигини чин дилдан ҳис этиш, шундай келажакни барпо этишга астойдил кўмаклашиш, жонажон Ватаннинг эртанги куни, истиқболи, тараққиёти, миллат обрўсига ҳисса қўшиш, фойда келтириш, корига яраш, фидойилик, ҳалоллик билан меҳнат қилиш, халқнинг шон-шуҳрати ва манфаатини ўйлаш, инсонпарвар, халқпарвар бўлиш ва шунга ўхшаш юзлаб фазилатлар каби хусусиятларни англатади. Ўз навбатида биз Ватанга бўлган муҳаббатимизни ватанпарвар ва миллату мамлакатга хизмат қиладиган фарзандларни тарбия этиш билан кўрсатишимиз мумкин. Зеро, қўним топган жойимиз, Ватан деб билган шу юрт учун қанчадан-қанча инсонлар жони фидо бўлди. Ватан – ягонадир, Ватан – биттадир, деган ғояни шу мўтабар заминимизда яшаётган ҳар қайси инсон, униб-ўсиб келаётган авлодларнинг онги ва тафаккурига сингдириш, уларнинг ҳаётий эҳтиёжига айлантиришни энг устувор мақсадлари деб билмоқлари керак. Зотан, жаннатмонанд улуғ она Ватанимизни севмоқ, равнақи учун фидокорлик қилмоқ, унинг тинчлиги ҳимоясида бўлиш ва асраб-авайлаш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.
 
Нигора Абдураҳимова,
Чортоқ туманидаги 41-умумий ўрта таълим мактаби директори ўринбосари  
 

Биз Twitterда