Телеграм каналларнинг куни битдими? Ёҳуд рақобатда ҳалол бўлайлик

Сўнгги икки-уч йил ичида ижтимоий оламда телеграм каналларининг таъсир даражаси ортиб кетди. Уларнинг обуначилари сони ҳам кескин равишда кўпайиб, юз минглаб, ярим миллионлаб аъзога эга каналлар пайдо бўлди. Тарқатаётган маълумотлар савияси эса ҳаминқадарлари ҳам бисёр. Фаолияти асосини реклама ташкил этгани учун канал маъмурларига аъзолар сони муҳим аҳамиятга эга. Лекин бу йўлда улар ҳалолликни ўзларига раво кўрмадилар. Турли ботлардан фойдаланган ҳолда аъзолар сонини сунъий равишда кўпайтирдилар. Мисол учун 500 минг аъзога эга каналнинг ҳақиқий аъзосида юз, нари борса юз эллик мингдан ўтмайди.
 
 
Сўнгги ой ичида уларга қора кунлар кела бошлади. Чунки каналлар ботлардан тозаланмоқда.
uz.TGStat.com маълумотларига кўра, 5 кун давомида (15-20 февраль) каналлардан чиқиб кетишлар сонининг умумий миқдори қуйидагиларни ташкил қилди:
- 21.2 млн (Россия)
- 14.5 млн (Эрон)
- 13 млн (Ўзбекистон)
- 1 млн (Украина)
 
Бу кўпми? Бу шубҳасиз ўтган йиллар давомидаги энг кенг кўламли тозалаш ишлари бўлди, аммо, афсуски, бу энди Telegram'да ботлар йўқ, дегани эмас.
Бу яхшими? Албатта, негаки сиз ва биз фойдаланадиган Телеграм сунъий равишда ривожлантирилган (накрутка) каналлардан тозаланмоқда.
Тозалаш ишлари якунига кўра, TGStat'да 2169 та каналга сунъий равишда ривожлантирилганлик ҳақидаги қизил тамға қўйилди.
Эртами-кечми, бу ҳар бир сунъий равишда ривожлантирилган каналга дахл қилади ва бунинг оқибатида унинг нуфузига катта путур етади. Ўйлаб кўринг, бундай хизматлардан фойдаланиш керакми!

Биз Twitterда