Сути ошқозон, жуни бод, қатиғи эса силга даво туя

Article
Туялар Арабистон ярим оролида эрамиздан икки минг йил олдин хонакилаштирилган. Ўша пайтлардан бери узоқ вақт сувсизликка чидамли, беминнат юк ташувчи, гўшти ва сути, жуни билан қадрланадиган икки ёки бир ўркачли туялар инсоннинг энг яқин ҳамроҳидир. Биёбонда карвонни қум бўронлари ва қишнинг изғирини, ёзнинг жазирамасидан беписанд манзилга етказгани учун туяни одамзод «саҳро кемаси» ҳам деб атаган. Улар янтоқ билан озиқланишади. Чўл ўсимлиги ҳам шифобахш хусусиятга эга бўлиб, унинг таркибида кўп миқдорда минерал ва биологик фаол моддалар мавжуд. Янтоқдан тайёрланган қайнатма микробларга қарши курашиш хусусиятига эга. Шу боис янтоқ билан озиқланган туя сутининг шифобахшлиги беқиёсдир. Туя чўл ҳудудларида ягона сут берувчи манба ҳисобланади.
Қозоқ чорвадорлари туя сутидан қимиз тайёрлашади. Улар теридан тайёрланган мешга озгина қатиққа ўхшаш ачитқи солишади. Кейин янги соғиб, докадан сузиб олинган туя сутини мешдаги ачитқига аралаштиришади. Бир суткадан сўнг мешни яхшилаб чайқатишади. Қарабсизки, от сутидан тайёрланган қимизга нисбатан 8 фоиз ёғлироқ, шўр таъмли ажойиб қуюқ ичимлик пайдо бўлади.
Швейцарияда туя сутидан тансиқ шоколадлар тайёрланади. Унинг таъми шўр бўлади. Арабистонда эса ундан какао, Ҳиндистонда эса ўхшаши йўқ музқаймоқ тайёрлашади
Агар иммунитетингиз паст бўлса, ҳар куни ярим литрдан янги соғилган туя сутини  оч қоринга ичсангиз фойда беради.
Туя сутини истеъмол қилган вақтда аччиқ, шўр, дудланган ва турли консерва маҳсулотлари ва спиртли ичимликлар ичишдан сақланиш лозим
Туя сутидан тайёрланган қатиқ – шубат дейилади. Шубат сил, ўн икки бармоқли ичак ярасида шифобахшдир.
Табибларнинг тавсиясига кўра, ич кетишида ҳам туя сутидан тайёрланган қатиқ даво бўлар экан. Бундан ташқари, туя сути қонни янгилайди.
Агар туя сути табиий тоза асал билан ичилса, гижжаларни йўқотиб, меъда-ичак тизимидаги яраларни тузатади. Янги соғилган туя сути гастритга даво ҳисобланади. Сил касаллиги ва пневмония (зотилжам)да ҳам табиблар туя сутини тавсия этадилар.
Шунингдек, улар сочнинг қуруқ ўсиши ва қазғоқнинг олдини олишда катта ёрдам беради. Сочдаги битни йўқотишда ҳам бу усул самарали ҳисобланади. Чипқон ва қаттиқ йиринг бойлаган яраларнинг етилишида туя пешоби ва эзилган алоэ барглари аралашмаси малҳам бўлади. Малҳам беморнинг шикастланган жойига боғлаб қўйилади. Туя пешоби яна замбуруғ, бактерия ва ачитқиларга қарши курашда кенг таъсир этувчи антибиотиклардай самара беради.
Туянинг сутидан тортиб, унинг жуни ҳам соғлигимизга катта ёрдам берар экан. Туя жуни солинган кўрпадан оёқ ва бел оғриғида, ревматизмни ҳам даволашда фойдаланиш мумкин.  
vodiymedia

Биз Twitterда