Шерзод Шерматов: Наманганда вилоят ҳокими томонидан халқ таълими тизимига алоҳида эътибор қаратилмоқда

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Тошкентдаги янги таъмирланаётган мактаблар ҳақида видеороликлар эълон қилингандан кейин ижтимоий тармоқларда «қачон вилоятларда бўлади» деган маънода ёзилган изоҳларга жавоб қайтарди.
«Мана, биргина Наманган вилояти мисолида бўлган ўзгаришларни ушбу видеода кўришингиз мумкин. Наманган вилояти ҳокими томонидан халқ таълими тизимига алоҳида эътибор қаратилиши натижасида охирги 2 йилда сезиларли ўзгаришлар амалга оширилди.
 
 
Жумладан:
1)2018-2019 йилларда 9 та янги мактаб қурилди, 85 та таъмирланди, уларга ажратилган маблағлар 2015-2016 йиллардагига қараганда 4 баробардан ортиқ (вилоятлар ҳокимликлари мактаблар қурилиши бўйича буюртмачи вазифасини бажаради, шунинг учун жойлардаги қурилиш сифати назорати уларда).
2)183 та мактаб буржуйка печларидан халос бўлди (бу тажрибадан келиб чиқиб, қолган вилоятлар ҳам мактабларда тўлиқ буржуйкани йўқотишни ваъда беришган эди, лекин ҳали жойларда учраб турибди. Улар ҳам шу ўқув йилигача тугатилади деб умид қиламиз).
3) 165 та мактаб ичимлик суви билан таъминланди (афсуски, баъзи вилоятларда сувни ташиб келтириш харажатларини ҳам мактаб жамоасига юклаб қўйиш ҳолатлари мавжуд экан).
4) барча таъмирталаб мактаб ҳожатхоналарини янгидан қуриш ёки таъмирлаш учун ҳомийлар бириктирилди (афсуски, баъзи вилоятларда бу масала мактаб жамоасининг ўзига юклаб қўйилмоқда).
Ҳоким мактаб муаммосини ечишга ҳақиқатда ёрдам беришга ҳаракат қилса, жойлардаги таълим масъуллари муаммоларни беркитишга эмас, балки ҳокимга айтиб, уларни биргаликда ечимини топишга ҳаракат қиладилар.
Агар таълим масъулларини эшитиб, мактабларда камчилик бўлса, маблағ билан ёрдам бериш ўрнига ҳокимлар ўзинг ҳал қил дейдиган бўлса, унда жойлардаги таълим мутасаддилари муаммони беркитишга ёки ўқитувчи ва ота-оналардан ноқонуний пул йиғиш орқали мавжуд муаммоларни ҳал этишга ҳаракат қиладилар.
Албатта, Наманган мактабларида ҳамма масала ҳал бўлди, деган фикрдан анча йироқмиз. Ҳали қилиниши керак бўлган ишлар жуда кўп. Ўзим аввал борган мактабларнинг ҳали анчасига маблағ етмаганлиги туфайли таъмирланмаганлигига ҳам гувоҳ бўлдим. Сабаби, ажратилган маблағлар ундан-да ёмон мактабнинг таъмирига йўналтирилган. Кўп масала иқтисодий аҳволимиз ва молиявий ресурсларга боғлиқлиги ҳаммамиз биламиз.
Шунинг учун ҳокимларимиз ва сектор раҳбарлари жойлардаги мактабларимиз шароитларини яхшилашга ҳақиқий ёрдамларини аямайдилар деб умид қиламиз» — деб ёзади вазир.

Биз Twitterда