Шавкатжон Абдураззақов Наманган шаҳар ҳокими этиб тасдиқланди

Сессия ишида депутатлар, шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари, сектор раҳбарлари, давлат ва жамоат ташкилотлари, ОАВ вакиллари иштирок этди. 
Олтинчи чақириқ биринчи сессия кун тартибидан шаҳар сайлов комиссияси раисининг ахбороти, Халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгаши регламенти ва доимий комиссиялар тўғрисидаги низомни тасдиқлаш, шаҳар кенгашига сайланган депутатлар партия гуруҳларини рўйхатга олиш, кенгаш доимий комиссияларини тузиш, вилоят ҳокими томонидан Наманган шаҳар ҳокими лавозимига тақдим этилган номзодни тасдиқлаш, халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туманлар кенгаши депутатлари қўшма мажлиси маслаҳат кенгаши аъзолигига номзодни тавсия этиш каби масалалар ўрин олди.
 
 
Халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгашига ўтказилган сайлов натижалари ҳақида шаҳар сайлов комиссияси раиси Зиёвуддин Жамалов ахборот берди.
Шаҳар кенгашидаги Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан сайланган 11 нафар, «Миллий тикланиш» демократик партиясидан сайланган 7 нафар, Халқ демократик партиясидан сайланган 8 нафар ва Ўзбекистон Экологик партиясидан сайланган 4 нафар депутатлардан иборат партия гуруҳлари тасдиқланди.
Халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгашининг Маҳаллий бюджетни шакллантириш ва уни ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича, Қонунийликни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича, Ижтимоий-маданий соҳани ривожлантириш, оила, хотин-қизлар ва ёшлар масалалари бўйича, Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари масалалари бўйича, Саноат, транспорт, қурилиш, коммунал масалалари ва аҳолига хизмат кўрсатиш масалалари бўйича, Коммунал хўжалик ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари бўйича ҳамда Регламент ва депутатлик одоби масалалари бўйича комиссияларини тузиш таклифи ҳамда комиссияларнинг раислари номзодлари депутатлар томонидан маъқулланди.
Наманган вилояти ҳокими томонидан Наманган шаҳри ҳокими лавозимига тақдим этилган номзодни тасдиқлаш тўғрисидаги масала юзасидан сиёсий партиялар гуруҳларининг ҳар бири билан маслаҳатлашувлар ўтказилди.
Мазкур масала бўйича вилоят ҳокими ўринбосари Фахриддин Маткаримов сўз олиб, вилоят ҳокими томонидан Наманган шаҳар ҳокими лавозимига 5-Оромгоҳ сайлов округидан сайланган депутат Шавкатжон Абдураззақов номзодини Халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгаши сессиясида тасдиқлаш тўғрисида тақдимнома киритилганлигини маълум қилди ва уни ўқиб эшиттирди.
Ушбу масала бўйича сиёсий партиялар гуруҳлари номидан депутатларнинг фикр-мулоҳазалари билдирилди. Сессияда вилоят ҳокими томонидан Наманган шаҳар ҳокими лавозимига тавсия этилган Шавкатжон Абдураззақов номзоди депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди. У бир овоздан Наманган шаҳар ҳокими этиб тасдиқланди.
Сессияда Наманган шаҳар ҳокими Шавкатжон Абдураззақов сўз олиб, билдирилган юксак ишонч учун давлат раҳбари, вилоят ҳокими ва депутатларга миннатдорлик билдирди.  Депутатлар ва шаҳар фаоллари билан биргаликда ушбу ишончни оқлаш, Наманган шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида бор куч-ғайратини сарфлашини билдирди. 
Олтинчи чақириқ халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгашининг биринчи сессияси ўз ишини якунлади.

Биз Twitterда