Шаҳар ва туман ҳокимлари сайлов билан бошқарувга келиши мумкин

"Mening fikrim" портталида шаҳар ва туман ҳокимларини умумхалқ  сайловларида сайлаш бўйича петиция  эълон қилинди. Афзал Ҳолиқов томонидан жойланган “Ҳокимларни халқ томонидан сайлаш амалиётини жорий этиш ҳақида”ги петиция ҳозирга қадар 289 та овоз олган. Агар кейинги 90 кун ичида 10 000 та овоз тўпланса, бу таклиф парламентда кўриб чиқилади.
 
 
Петицияда шундай дейилади: “Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлаш давлат хизматчиларининг фидоийлиги, шижоати, билими ва халқ билан ишлай олиш кўникмасига боғлиқ. Бу борада, айниқса, туман ҳокимларининг масъулияти ва мажбуриятлари жуда юқори. Шу сабабли, шаҳар ва туман ҳокимларини халқ томонидан сайлаш амалиётини тезроқ жорий этиш муҳим аҳамият касб этади. Ижтимоий тармоқлардан маълумки, ҳозирда кўплаб ҳокимларга нисбатан аҳолининг норозилик кайфияти мавжуд. Шу туфайли, ҳудудларда аҳолини бошқарадиган ҳокимларни халқнинг ўзи танлаши ва сайлаш амалиётини жорий этиш зарур. Шундагина ҳокимларимиз халқ дардини эшитади, у билан бирга ишлайди. Муҳтарам Президентимиз томонидан берилаётган вазифа ва топшириқларини бажаришда ҳам чин дилдан ҳаракат қилади.
Ҳар бир туман ёки шаҳардан белгиланган миқдорда номзод танлаб, уларнинг энг маъқулини сайлов ўтказиш йўли билан сайлаш керак. Сайланган ҳоким ишини баҳолашни эса яна ўша халқ зиммасида қолдириш мақсадга мувофиқ. Бу борада алоҳида қонун ҳужжатини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш зарур”

Биз Twitterда