Садбархон Мамитова Андижон вилояти Бўстон туманига ҳоким этиб тайинланди

4 март куни Андижон вилояти, Бўстон туманида фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ва президент маслаҳатчиси ўринбосари Қаҳрамон Қуронбоев иштирок этди.
 
 
Йиғилишда туман ҳокими Иномжон Солижонович Мамадалиев лавозимидан озод этилгани маълум қилинди. У туманга 2018 йил августидан буён раҳбарлик қилиб келаётганди.
Садбархон Неъматжонова Мамитова туманнинг янги раҳбари этиб тайинланган.
Садбархон Мамитова 1966 йилда Андижон вилоятининг Жалақудуқ туманида туғилган, 1982-1986 йилларда Наманган қишлоқ хўжалиги техникумида ўқиган, 1993 йил Тошкент давлат аграр университетини тамомлаган.
У 2007-2008 йилларда Жалақудуқ туман ҳокими ўринбосари - туман хотин-қизлар қўмитаси раиси в.в.б бўлган, 2019 йилдан ҳозиргача «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати Андижон вилояти ҳудудий бўлими раҳбари сифатида ишлаб келаётганди. 2019 йил декабридаги сайловларда халқ депутатлари Андижон вилояти кенгашига депутат этиб сайланган.
Бунга қадар юртимизда икки туманга аёл киши раҳбар қилинганди, 2020 йил 18 февраль куни Сирдарё вилоятининг Боёвут туманига сенатор Дилфуза Уралова ҳоким бўлган, 29 февраль куни эса Бухоро вилоятининг Олот тумани ҳокими ўринбосари сифатида ишлаб келган Наргиза Неъматова туман ҳокими в.в.б этиб тайинланганди.

Биз Twitterда