Озарбайжон маданият марказида Наврўз тадбири

 
Озарбайжон Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси ва Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият маркази ташаббуси билан Наврўз байрамига бағишланган тантанали маросим ўтказилди. Маданият маркази ҳовлисида ташкил этилган мусиқали тадбирда марказ ходимлари, Озарбайжон диаспораси вакиллари, мамлакатимизнинг адабиёт, маданият, санъат намоёндалари, маҳаллий ва хорижий журналистлар иштирок этди.
Озарбайжон маданият маркази директори  Самир Аббасов Наврўз байрами муносабати билан тўпланганларни табриклади, байрам тарихи, анъаналари ҳақида маълумот берди. 
 - Шу кунгача сақланиб қолган миф, афсона ва ривоятлар, қўшиқлар таҳлилига суяниб шуни айтиш мумкинки, бу анъана қадим даврлардаёқ халқларимиз ҳаётидан мус­таҳкам ўрин эгаллаган, ўша қадим даврлардаёқ элнинг, улуснинг улуғ кунига айланиб улгурган. Қайси бир даврни олиб қарамайлик, Наврўз катта майдонларда, сайлгоҳларда зўр тантана билан нишонланганининг гувоҳи бўламиз. Фақат шўролар замонидагина бу байрам қувғинга учради, миллатлар ҳаёти ва хотирасидан буткул ўчириб ташлашга ҳаракат қилинди. Мустақилликдан сўнг Наврўз ҳаётда яна ўз ўрнини топди, янгича мазмун ва моҳият кашф этди. Чинакамига халқ сайли шодиёнасининг тантанасига айланди, - деди Аббасов.
Наврўз байрами ҳамма даврларда ҳам тинчлик, осо­йишталик, тотувлик, дўстлик, юртга, она табиатга меҳр-муҳаббатнинг таронаси, хал­қининг ўз тарихи ва маданиятига бўлган ҳурматининг нишонаси бўлиб келган.
Кун ва туннинг тенглашуви ва табиат уйғонишини тажассум этган Наврўз Шарқ халқларининг энг қадимий ва миллий байрамидир. Эътиборлиси, шундаки, 2010 йилда Озарбайжон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси бир овоздан 21 мартни Наврўз халқаро куни деб эълон қилди. 
“Озарбайжон қизлари” рақс ансамблининг миллий рақслари, Ўзбекистон таниқли снъаткорларининг чиқишлари йиғилганларда катта тассурот қолдирди.
Бир неча соат давом этган тадбир якунида йиғилганларга пахлава, қандолат ва ширинликлар, баҳорий таомлар тортиқ қилинди. 
 Абдували Сайбназаров

Биз Twitterда