Орол денгизининг қуриган туби ўрмонзорга айлантирилади

Бундан бир ярим йил аввал, 2018 йилнинг август ойида, Президент Шавкат Мирзиёев Туркманистоннинг Туркманбоши шаҳрида бўлиб ўтган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлар раҳбарлари мажлисида Орол фожиаси оқибатларини бартараф этишда Марказий Осиё давлатларининг ўзаро ҳамкорлиги бўйича бешта таклифни илгари суриб, Оролбўйи ҳудудини Экологик инновация ва технологиялар зонаси, деб эълон қилиш масаласини кўриб чиқиш ҳақида тўхталган эди.
 
 
Мутахассисларнинг фикрича, бу ташаббус экологик тоза технологияларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун шароит яратиш; “яшил иқтисодиёт”, экологик тоза, энергия ва сув тежайдиган технологиялар тамойилларини комплекс татбиқ этиш; чўлланиш ва экологик миграцияга барҳам бериш; экотуризмни ривожлантириш ва бошқа чора-тадбирларни амалга оширишга ёрдам беради.
Қум кўчкиларини мустаҳкамлаш, Оролнинг қуриган қисмидан ҳавога заҳарли аэрозол чанглари кўтарилишини камайтириш масалалари бизнинг эътиборимиз марказида бўлиши зарур. Шу мақсадда чўл шароитига чидамли ва озуқа ўсимликлари кўчатларини етиштириш бўйича Минтақавий марказ ташкил қилиш мақсадга мувофиқ. Олимларимиз берган маълумотларга кўра, 10-12 йил давомида денгизнинг қуриган қисмини дарахтзор ва бутазорларга айлантиришимиз мумкин. Бундан ташқари, янги унумдор яйловлар яратишга қурбимиз етади, бу чорвачиликни изчил ривожлантириш ва ўн минглаб одамларни иш билан таъминлаш имконини беради. Минтақавий марказ эса эҳтиёж катта бўлган мутахассислар тайёрлаш бўйича ўзига хос ноёб илмий-таълим базасига айланади”, деди Президент.
Минтақамизнинг ноёб ҳайвонот дунёсини сақлаш учун Оролбўйи зонасида муҳофаза қилинадиган трансчегаравий табиий ҳудудлар ташкил этиш ҳам таклиф қилинди. Йўқолиб бораётган ҳайвонлар, жумладан, қоплон, қулон, сайғоқ ва бошқа ноёб жониворларни сақлаб қолиш учун барча ишларни ўзаро келишиб амалга ошириш ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга. Сувни тежаш, трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш ва улардан оқилона фойдаланиш масалаларидаги минтақавий ҳамкорлик даражасини кескин ошириш лозимлиги таъкидланди.
Шундан сўнг минтақада, хусусан, Ўзбекистонда Орол денгизини қутқариш кампаниясига старт берилди. Жумладан, яқинда президентнинг яна бир муҳим қарори эълон қилинди. 2020 йил 12 февраль санасида имзоланган ҳужжатгамувофиқ, Орол денгизи қуриши оқибатларини бартараф этиш ҳамда сайёҳлар сонини кўпайтиришга қаратилган “My garden in the Aral Sea” (“Оролдаги боғим”) агро ва экотуризм лойиҳаси амалга оширилади.
Халқаро инновация марказининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, кўргазмали тажриба-синов майдонларини ташкил этиш мақсадида Қорақалпоғистон ҳудудидаги захира ер майдонлари, Орол денгизининг қуриган тубидаги ҳудуддан ҳамда Оролбўйи ҳудудидаги ўрмон фонди ерларидан ер майдонлари ажратилади.
Нукус шаҳар Марказий бозоридан Нукус туманидаги Халқаро инновация маркази ҳудудигача бўлган йўналишда мунтазам жамоат транспорти қатнови ташкил этилади. Айни пайтда Халқаро инновация маркази томонидан “Мўйноқ” ва “Саманбай” тажриба-синов майдонлари ташкил этилган, шунингдек шўрланиш ва қурғоқчиликка чидамли чўл ва манзарали ўсимликлар генофонди шакллантирилиб, 13 турдаги ўсимлик дунёси объектлари синовдан ўтказилмоқда.
UzAnalytics сайти мухбири Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари Зиновий Новицкий билан амалга оширилаётган ишлар ҳамда ЎзФА Ботаника институтининг катта илмий ходими Бекзод Одилов билан ушбу ҳудудда экотизимни тиклаш имкониятлари ҳақида суҳбатлашди.
Зиновий Новицкий, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор:
– Жорий йилда Орол денгизининг суви қуриган 700 минг гектар майдонига уруғ қадаш ва кўчатлар экишни режалаштирганмиз. Ўрмон мелорацияси тадбирлари давомида 510 минг гектар майдонга авиация ёрдамида уруғ экилади. Ишлар кўлами жуда кенг, айтиш мумкинки, халқаро миқёсда йўлга қўйилган. Қозоғистонлик йирик мутахассис, олим Владимир Семёнович Казянин ушбу йўналишда биз билан ҳамкорлик қилиб келаётган эди. Афсуски, у ярим йил аввал вафот этди.
Бир мунча вақт аввал Қозоғистон ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институтида бўлдик. Институт фаолияти билан яхши танишман, 5 йил давомида мазкур йўналиш бўйича халқаро эксперт бўлганман. Уларда қуриган денгиз тубига ихтисослашган мутахассислар йўқ эди. Шунинг учун уларнинг таклифи билан 5 йил у ерда фаолият олиб борганман.
Бу ердаги ишларни халқаро тажрибаларга таянган ҳолда йўлга қўйишга ҳаракат қиляпмиз. Бу борада 2000-2007 йиллари Ўзбекистон-Германия-Қозоғистон лойиҳаси доирасида халқаро тажриба орттирилган. Мен ўшанда лойиҳа раҳбарининг ўринбосари эдим. Лойиҳа доирасида 27 минг гектар майдон кўкаламзорлаштирилиши лозим эди. Ҳозир бу майдон 50 минг гектарни ташкил қилади. Бундан ташқари, раҳбариятнинг буйруғи билан Испанияда бўлдик. У ердан махсус уруғларни келтирдик. Бу уруғларни денгизнинг Шарқий қисмига экдик. Бундан ташқари, яқин Шарқ давлатларидан айрим хорижий мутахассислар ҳам келишди. Аммо, айтиш керак, уларда умуман бошқача шароит, Ўртаер денгизининг иқлими бошқача. Улар асосан ёпиқ иссиқхоналар билан ишлашга ихтисослашган. Улардан нари борса ўғитлар билан ишлашни ўрганиш мумкин. Аммо шўрланган ерлар, саксовулзорлар каби масалалар уларга бегона. Шунинг учун бу мутахассислардан ниманидир ўрганиш ёки тажриба алмашиш мақсадга мувофиқ деб топилмаган. Қайтага, бизнинг уларга ўргатишимиз мумкин бўлган жихатларимиз кўп.
Менинг ҳисоб-китобим бўйича бу жараён 10 йил давом этади ва муваффақиятли якун топади, деган умиддаман. Ҳозир асосан саксовул, қандим, қорабуроқ каби чўл ўсимликлари уруғ ва кўчатларини экяпмиз. Бу ишларни амалга ошириш жараёнида кўплаб ёшларнинг иш билан бандлиги ҳам таъминланади.
 
Бекзод Одилов, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ботаника институти геоботаника ва ўсимликлар экологияси лабораторияси катта илмий ходими, биология фанлари номзоди:
– Орол денгизининг қуриши экологияга, атроф-муҳитга қандай таъсир кўрсатди? Табиат, ўсимликлар олами кўрган зарарнинг кўлами қандай?
 
– Бу денгиз Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистонда қадимдан табиий мувозанатни сақловчи вазифасини бажариб келган. Ҳозир ҳам Орол денгизининг аҳамияти беқиёс. Бизнинг минтақа қурғоқчилик ҳудуди саналади. Ана шу ҳудуднинг иқлими шакилланишида денгиз жуда катта роль ўйнаган. Ўтган асрнинг 60-йилларида чўлларнинг ўзлаштирилиши, суғориладиган майдонларнинг кенгайиши Амударё билан Сирдарёдан тўйинадиган денгизимизнинг қуришига сабаб бўлди. Бу ҳол эса флора ва фаунага ўз таъсирини ўтказмай қолмади, албатта. Ўсимликлар ва ҳайвонот дунёси таркибида кескин ўзгаришларни юзага келтирди.
Агар Оролбўйи ҳудудидаги биохилма-хилликнинг ўзгаришига назар ташлайдиган бўлсак, энг катта талофат Оролнинг ғарбий томондаги Уст-Юрт платосида намоён бўлганини кўрамиз. Бу ҳудуд Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон давлатлари чегарасида бўлиб, 20 миллион гектарни эгаллаган. Унинг 7 миллион гектари бизнинг мамлакатимиз ҳудудида жойлашган ва у “Қорақалпоқ Уст-Юрти” деб номланади. Шимолдан дашт ҳамда Жанубдан чўл зоналари туташиб кетган бу жой ўзининг ноёб флораси ва фаунаси билан ажралиб туради. Ўзига хос ҳудуд дашт ўсимликлари ва чўл ҳайвонот дунёсининг ноёб турлари шаклланишига замин яратган. Оролнинг қуриши қурғоқчиликка чидамсиз бўлган ўсимликлар олами вакилларининг аста-секинлик билан йўқолиб бориши, қурғоқчиликка чидамли вакилларнинг эса пайдо бўлиши ва шаклланишига олиб келмоқда. Табиийки, бу вазият ҳайвонот дунёси таркибида ҳам бир қанча ўзгаришларни юзага келтира бошлади.
Бизнинг Ботаника институти қошидаги геоботаника ва ўсимликлар экологияси лабораторияси ходимлари томонидан денгиз қуриши оқибатида у ердаги ўсимликлар замонавий ҳолатининг келажакдаги прогнози бўйича илмий изланишлар олиб борилмоқда. Бугун эътиборимиз иккита нарсага қаратилган. Биринчи йўналишимиз, шу 7 миллион гектар майдондаги ўсимликлар оламининг вакиллари Орол денгизи қуримасдан аввал, яъни 30 йиллар нарисида қандай кўринишда бўлган. Улар ҳозир қандай ҳолатда ва келажакдаги 30-50 йилдан кейин қандай бўлади, қайси турларини сақлаб қолиш мумкин? Денгизнинг қуриб бориши қайси ўсимликларга салбий таъсир кўрсатади, қайси бирлари ўз ҳолатини ўзгартирмайди?
Иккинчи йўналишимиз, Орол денгизи билан Уст-Юрт платоси орасида ноёб ҳудуд – Шарқий Чинк жойлашган. Шарқий Чинк Оролбўйи ҳудудининг бошқа жойларида учрамайдиган тоғ элементи флораларига бой маскан ҳисобланади. Энг кўп тарқалган элементлардан бири, бу – дўлана. Бундан ташқари, шу қаторда наматак, беда, ёронгул ва бошқа шу каби ўсимликлар вакилларини санаб ўтиш мумкин. Орол денгизининг ўзига хос мезоклиматик мухити Шарқий Чинк ҳудудида тоғ элементларининг шакилланишига замин яратган. Уларнинг ҳам қурғоқчиликка чидамсиз вакиллари денгиз қуриши оқибатида йўқолиб кетишга маҳкум бўлди.
Маълумотларга кўра, ўтган асрнинг 80-йилларида Шарқий Чинк ҳудудида дўланазор, бедазор, наматак ва ёронгулзорлар ястаниб ётган. Биз жойларга бориб вазият билан танишганимизда мазкур ҳудудда ҳозир бу ўсимликлар йўқлиги аниқланди. Ҳозир яшаб қолган мавжуд ўсимликлар 30-50 йиллардан сўнг сақланиб қолинадими ёки улар ҳам йўқ бўлиб кетишга маҳкумми, деган саволга ижобий жавоб топиш учун математик моделлаштириш орқали тадқиқотлар олиб боряпмиз.
– Йўқолиб бораётган ўсимликлар дунёсининг қайси турларини тиклаш имкони мавжуд?
– Денгизнинг қуриган туби майдонининг кенгайиши бу чўлланиш оқибати ҳисобланади. Охирги 2-3 йилда Оролнинг шарқидаги кичик орол ҳам йўқолиб кетди ва у ерда захарли тузлардан таркиб топган катта майдон шаклланди. Табиат қонунларига кўра, бу ердаги ўсимликлар оламининг тикланиш жараёни 1995 йиллардан буён бизнинг институтимиз олимлари томонидан фаол ўрганила бошланди. 2008 йилда халқаро грантларга асосан Мўйноқ атрофидаги ўсимликлар ҳолатини акс эттирувчи харита яратилган. Унда Орол чекинганидан сўнг Мўйноқ ҳудудида тупроқ қатламлари сурилиб, ўсимликлар тикланиши жараёни бўйича олиб борилган тадқиқотлар натижаси ўз аксини топган.
Олимларнинг ҳисоб-китобига кўра, Орол денгизи қуриган ҳудудида ўсимлар тўлиқ тикланиши ва унинг туби тўлиқ қопланиши учун камида 40-45 йил вақт керак бўлади. Лекин шу 40-45 йил вақт ичида денгизнинг қуриган тубидан кўтарилган чангларнинг бошқа ҳудудларга бориши, у ердаги ахоли ижтимоий-иқтисодий холатининг ёмонлашиши ва бошқа шу каби жараёнлар содир бўлиши мумкин. Маълумки, табиат ўзини ўзи тиклаш салоҳиятига эга, бироқ бунга инсон аралашуви мазкур жараённи тезлатиши мумкин.
Ҳозир олиб борилаётган сиёсат – ўсимликларни табиат тиклашини кутмасдан, инсон қўли билан ўсимликлар олиб кириш ва тикланиш жараёнини жадаллаштириш. Натижада бу ерда ўзига хос экотизим шаклланади, қуруқ ҳудудга ҳайвонот дунёси вакиллари қайтиб келади, яшиллик тикланади. Президент қарори билан яшил қопламалар барпо этиш учун ҳозир Ўрмон хўжалиги қўмитаси томонидан саксовулзорлар кўпайтириляпти. Бунинг самарадорлиги жуда юқори бўлиши кутилмоқда.
Орол денгизи қуриган майдонининг ер ҳолати бир хил эмас: 5 йил аввал қуриган ҳудуд билан 50 йил аввал сув қочган жойнинг ҳолатида умуман катта фарқ мавжуд. Ҳамма ерга бир турдаги ўсимликларни экишни тавсия қилиб бўлмайди. Ҳар бир ҳудудга ўзига хос ёндашув талаб этилади. Ернинг ҳолатини, қум ва шўрликларни эътиборга олиб, фақат тўғри танлаб экилган кўчатларгина ўзини тутиб кетиши мумкин.
 

Биз Twitterда