Олим Исаев Наманган шаҳар ҳокими этиб тайинланди

6 март куни Халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Сессия ишида Президент маслаҳатчисининг ўринбосари Умар Исмоилов, вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
 
 
Сессияда ташкилий масала кўрилди. Шаҳар ҳокими лавозимида ишлаб келган Шавкатжон Абдураззақов Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси лавозимига тайинланиши муносабати билан шаҳар ҳокими лавозимидан озод этилгани тўғрисидаги вилоят ҳокимининг қарори депутатлар томонидан тасдиқланди. Шунингдек, Шавкатжон Абдураззақов ўз депутатлик ваколатларини зиммасидан соқит қилиш тўғрисида берган ёзма аризасига мувофиқ, унинг Халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгаши депутати ваколатлари муддатидан илгари тугатилишига қарор қилинди.
“Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 2-моддасига мувофиқ, шу пайтгача “Ўзагрокимёҳимоя” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси бўлиб ишлаб келган Олим Ботирович Исаевни Наманган шаҳар ҳокими этиб тайинлаш тўғрисидаги вилоят ҳокимининг қарори Халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгаши депутатлари томонидан бир овоздан маъқулланди. 
Шу тариқа, Олим Исаев Наманган шаҳар ҳокими лавозимига тайинланди.
Олим Исаев 1972 йили Наманганда туғилган. Тошкент давлат аграр университети ва Наманган давлат университетини тамомлаган. 
Наманган шаҳридаги “Ифода агро кимё ҳимоя” корхонаси директори, вилоят фермерлар кенгаши раиси, “Мехмаш” МЧЖ кузатув кенгаши раиси вазифаларида ишлаган. 2018 йил май ойидан бери “Ўзагрокимёҳимоя” акциядорлик жамияти бошқарувига раислик қилиб келаётганди.

Биз Twitterда