Ноқонуний диний таълимга қаршимиз! Қонунийсини қаерда оламиз?

 
Очиғи, юртимизда бўлаётган ислоҳотлар барча жабҳани қамраб, жамиятнинг ҳар заиф бўғинини кучлантиришга хизмат қилаётгани қувонарли. Фақатгина баъзи ҳолларда шундай бўляптики, Президентимиз минг куюнгани билан, янги таклиф ва ташаббус билан чиқиш ўрнига, Ҳукуматнинг эътибор қаратган соҳаси бўйича ура-урага берилиб кетяпмиз. Ҳали навбатини кутаётган масалалар эса талайгина.
Шундай масалалардан бири, бу асосий қисми мусулмон бўлган Ўзбекистонимизда қонуний диний таълим асосларини ўрганишга бўлган эҳтиёжнинг тўла қондирилмаганидир. Сабаби, рухсат этилган дастлабки диний сабоқ олиш курслари йўқлигидандир. Кўплаб ҳолатларда ноқонуний равишда диний таълим ташкил этилиши ҳамда диний билимлар ниқоби остида турли оқимларнинг зарарли қарашларини сингдиришга уриниш ҳоллари учраб турганидан, ҳуқуқ-тартибот идоралари бу борадаги жиддий таҳдидларнинг олдини олиш учун кенг кўламли ишлар олиб боришаётганидан хабардормиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси маълумотларига кўра, ҳозирда республикамизда 2037 та масжид фаолият олиб бормоқда. Ҳар бир масжид қошида агар масжидда фаолият юритувчи диний идоранинг расмий вакиллари томонидан, диний идора томонидан тузилган қатъий дарс режаси асосида диний таълим асослари ўргатилувчи Ислом сабоқлари курслари ташкил этилса айни муддао бўларди. Ҳар бир масжид қошида ҳафтада икки бор машғулот олиб борадиган курс, 3 та гуруҳда иш олиб боришга имкон беради, бу эса  бўлган эҳтиёжни тўла қамраш учун етарли бўлади.
Қолаверса, ҳозирги кунда тил ўрганиш, пазандачилик ва ҳоказо курсларга ойига 100-150 минг тўлаб қатнаётганлар Ислом сабоқлари курсларининг пуллик бўлишига қарши бўлмасликлари тайин. Бундай қўшимча даромад имомлар ва бошқа диний ходимларнинг маошига қўшиб берилиши ёки масжиднинг кундалик харажатларига, моддий-техник базасини мустаҳкамлашга сарфланиши мумкин.
Бундай курслардан нима ютамиз? Биринчидан аҳоли учун диний сабоқлар олишга кенг йўл очилади. Иккинчидан, ноқонуний диний ўқитиш ўз ўзидан барҳам топади. Учинчидан, ёшлар онгини дин воситасида нотўғри фикрлар билан тўлдирилиши истисно қилинади, уларга мусулмонлар идораси томонидан тузилган дарсликлар ҳамда режа асосида сабоқ берилади.
Худди шу тартибдаги ўқув курслари расмий рўйхатга олинган христианлик ва яҳудийлик ибодатхоналарида ҳам бу динлар асосларини ўрганмоқчи бўлганлар учун ташкил этилиши мумкин.
Дилмурод Жумабоев
 

Биз Twitterда