Наманганда IT-парк филиали қурилиши бошланди

Тошкентда Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки (IT Park) очилгандан сўнг, унинг филиаллари биринчи навбатда Бухоро, Наманган, Нукус, Самарқанд, Гулистон ва Урганч шаҳарларида қурилиши ҳақида эълон қилинган эди.
 

Маълумки, мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 13 февраль куни ахборот технологияларини ривожлантириш, бунинг учун замонавий инфратузилма яратиш масаласи бўйича йиғилиш ўтказди.
Унда давлатимиз раҳбари IT-академия, IT-лаборатория, Коворкинг маркази, Мобил иловалар ишлаб чиқиш маркази, Масофавий ахборот технологиялари марказини барпо этиш бўйича кўрсатмалар берди. Давлат буюртмаси асосида соҳа ва тармоқлар учун зарур замонавий дастурий таъминотларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш механизмини йўлга қўйиш таклифи билдирилди.
Бундан ташқари, Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки ходимлари ҳамда хорижий мутахассислар учун кўп қаватли турар жой, меҳмонхона, спорт мажмуалари ташкил этиш масаласига ҳам эътибор қаратилди.
Давлат раҳбари томонидан қўйилган вазифаларни амалга ошириш доирасида Наманганда IT Park филиали қурилиши бошланди. Бунинг учун 5,8 минг квадрат метр ер майдони ажратилди. Қурилиш ишлари ишлаб чиқилган бош режа асосида ва маҳаллий ҳокимият идоралари назорати остида олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда биринчи Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки (IT Park) 2019 йил Тошкент шаҳрида очилган эди. У маҳаллий стартап-экотизимнинг ажралмас қисмига айланди ва мамлакат стартап-ҳаракатини янада ривожлантириш учун мақбул шароитлар яратиш имконини берди.

Биз Twitterда