Наманганда ҳоким, прокурор ва ИББ бошлиғи маҳаллий кенгаш олдида ҳисоб берди

Article
Халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгашининг навбатдаги ўн учинчи сессиясида депутатлар, шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари, бўлим ва котибият мудирлари, корхона, ташкилот, муассасаларнинг раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар, деб хабар беради ҳокимлик ахборот хизмати.
Шаҳар кенгаши депутати, Олий Мажлис Сенати аъзоси Солижон Мўминов олиб борган сессияда маҳаллий кенгаш депутатлари Наманган шаҳар ҳокими Баҳодир Бекходжаевнинг “Наманган шаҳрини 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг устувор йўналишлари”, шаҳар прокурори Мирзоҳид Тўйчиев ва шаҳар ИИБ бошлиғи Аюбхон Раҳматуллаевларнинг “Наманган шаҳрида қонунийликни таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича 2016 йилда амалга оширилган ишлар тўғрисида”ги ҳисоботлари эшитдилар.
Ҳисоботларда  йўл қўйилган камчиликлар ва муаммолар, уларни бартараф этиш юзасидан белгиланиши зарур бўлган чора-тадбирларга қаратилди. Ҳокими ҳисоботида Наманган шаҳрида 2016 йилда экспорт режаси 85 фоизга бажарилгани, “Само текстиль” МЧЖ, “Гамма фарм текс” МЧЖ, “Фирдавс текстил сервис”, “Афруз Камол Наби” МЧЖ лар томонидан 3,9 млн. долларлик маҳсулотлар кам экспорт қилингани таъкидланди. Ёки шаҳарда маҳаллий бюджетнинг даромад ва ҳаражатлар режаси ортиғи билан бажарилган бўлсада, ягона солиқ, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулки учун олинадиган солиқлар режаси уддаланмаганлиги ва бу 2 млрд. 569 млн 449,9 минг сўмни ташкил этиши кўрсатиб ўтилди. Ҳоким ҳисоботида мурожаатлар билан ишлаш масаласи ҳам алоҳида таҳлил этилди. Жумладан, виртуал қабулхонага келиб тушган 3124 та мурожаатдан 2582 таси ижобий ечим топганлиги, 447 таси кўриб чиқилаётганлиги айтилди. Уларни таснифлаганда 1587 таси уй-жой, 272 таси ер участкаси, 196 таси моддий кўмак, 89 таси даволаш учун ёрдам сўраб қилинган мурожаатларни ташкил этади.
Шаҳар прокурори ва шаҳар ИИБ бошлиғи ҳисоботларида эса айрим жиноят турлари кўпайиб кетганлиги, маҳаллаларда содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар, шунингдек, нафақа, моддий ёрдам пули тайинлаш ва тўлаш, корхона, ташкилот, муассасаларда иш ҳақидан бўлган қарздорлик, бюджет маблағларини талон-тарож қилиш, коммунал хизмат идоралари фаолиятидаги камчиликлар, дебитор қарздорлик, бандлик дастури ижроси, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлашдаги камчиликлар қайд этилди.
 Депутатлар бу ҳисоботларни эшитиб, унда таъкидланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш, 2017 йил учун белгиланган устувор вазифаларни сўзсиз бажарилишини таъминлаш юзасидан тегишли қарорларни қабул қилдилар. Шу билан сессия ўз ишини якунлади. 

Биз Twitterда